Алвидо, қурол. Эрнест Миллер Хемингуэй
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Алвидо, қурол - Эрнест Миллер Хемингуэй страница 28
– Бояги урушни истамайдиганлар-чи? Улар урушнинг олдини ололадиларми?
– Билмайман.
У яна деразага қаради. Мен унинг юзи ўзгарадими, йўқми – қараб турардим.
– Ахир улар бирон марта урушга тўсқинлик қилолганмилар?
– Улар бирлашишмаган, шунинг учун ҳеч нарсага тўсиқ бўлишолма ган, бирлашган чоғларида эса, йўлбошчилари уларни сотиб қўймоқда.
– Демак, умид йўқ?
– Умидсиз шайтон. Лекин, айтайлик, мен умид қилолмаслигим мумкин. Мен доим умид қилгим келади, бироқ баъзан умидим узилади.
– Лекин уруш ахир бир кун тугайди-ку?
– Умидим бор.
– Ўшанда нима қиласиз?
– Мумкин бўлса Абруццига қайтаман.
Шунда унинг қорача юзи қувончдан ёришиб кетди.
– Сиз Абруццини яхши кўрасизми?
– Ҳа, жуда севаман.
– Ана ўша ерга боринг.
– Жон-жон деб борардим-а. У ерда яшаб, Худога сиғиниб, унга хизмат қилишнинг ўзи бахт-ку.
– Ҳурмат-эътибор қозониш ҳам, – дедим мен.
– Ҳа, ҳурматга сазовор бўлиш ҳам. Нима бўпти?
– Ҳеч нима. Сиз бунга тўла сазоворсиз.
– Гап ундамас. У ерда, мен туғилган ерларда, ўзини Худога бағишлашни табиий бир нарса деб билишади. Бу ярамас масхарабозлик эмас. – Тушунаман.
У менга қараб кулимсиради.
– Тушуниб турасиз-у, лекин Худони суймайсиз.
– Йўқ.
– Сира суймайсизми? – сўради у.
– Баъзан кечалари ундан қўрқаман.
– Сиз уни суйсангиз бўларди.
– Мен айтарли ҳеч кимни суймайман.
– Йўқ, – деди у. – Ёлғон. Сиз менга сўзлаб берган тунлар-чи. Бу муҳаббат эмас. У ҳирс ва шаҳватнинг ўзи, холос. Агар суйсанг, муҳаббатинг ҳақи, бирон нарса қилгинг келади. Фидо бўлсам дейсан. Кўйида юрсам дейсан.
– Мен ҳеч кимни суймайман.
– Сиз севиб қоласиз. Мен биламан, сиз севиб қоласиз. Ўшанда сиз бахтиёр бўласиз.
– Ҳозир ҳам бахтиёрман. Доим бахтиёрман.
– Бу бошқа нарса. Сиз бошингизга тушгунча бунинг нималигини англамайсиз.
– Яхши, – дедим мен, – агар бирон бир кун келиб, мен буни бошдан кечирсам, сизга айтаман.
– Мен сиз билан узоқ ўтириб қолдим, кўп гапириб юбордим, – у типирчилаб қолди.
– Йўқ. Кетманг. Хотин кишини севиш-чи? Агар мен аёл кишини севиб қолсам ҳам, шундай бўлармиди?
– Мен буни билмайман. Мен биронта ҳам аёлни севган эмасман.
– Онангизни-чи?
– Ҳа, онамни севганман, эҳтимол.
– Сиз доимо Худони севганмисиз?
– Болалигимдан бери.
– Хўш, – дедим мен. Нима дейишни билмай қолдим.
– Сиз ҳали жуда ёшсиз.
– Мен ёшман, – деди у. – Бироқ сиз мени отахон деб чақирасиз.
– Одоб юзасидан.