Алвидо, қурол. Эрнест Миллер Хемингуэй
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Алвидо, қурол - Эрнест Миллер Хемингуэй страница 23
– Агар машиналаримизни олсангиз жуда соз бўларди, – дедим мен.
– Уларни сизга бузмай-нетмай, қандай бўлса шундай топширамиз. – У қаддини кўтарди. – Шофёрингиз сиз билан келишиб олишимни жуда илтимос қилди. – У Гординининг елкасига уриб қўйди. Гордини сесканиб тушиб, жилмайди. Инглиз италян тилида чала-чулпа сўзлай кетди:
– Бўлди, ҳаммаси жойида. Бошлиғинг tеnеntе билан келишдик. Сизнинг иккала машинангизни оламиз. Энди ташвиш чекмасанг ҳам бўлади. – У сўзини бўлди. – Сизларни бу ердан олиб кетишнинг ҳам йўлини топиш керак. Ҳозир врачлар билан гаплашаман. Кетаётганда сизларни ҳам олиб кетамиз.
У ярадорлар орасидан оҳиста ўтиб, эшикка томон борди. Мен эшикка тутилган кўрпа кўтарилганини, ичкаридаги ёруғни, унинг ичкарига кирганини кўрдим.
– У сизни шундоқ қолдирмайди, tеnеntе, – деди Гордини.
– Ўзингиз қалайсиз, Франко?
– Дуруст.
У ёнимга ўтирди. Шу пайт эшикнинг ёпинғичи кўтарилиб, у ердан иккита санитар билан баланд бўйли инглиз чиқишди. Олдимга келишди.
– Мана америкалик, tеnеntе, – деди у италянчалаб.
– Мен кутиб туришим мумкин, – дедим мен. – Бу ерда мендан кўра оғирроқ ярадорлар бор. Аҳволим унчалик ёмонмас.
– Бўлди, бўлди, – деди у, – ўзингизни қаҳрамон қилиб кўрсатмай қўя қолинг. – Кейин италянчалаб деди: – Секин кўтаринглар, айниқса оёғини. Қаттиқ оғрияпти. Бу президент Вильсоннинг қонуний ўғли.
Улар мени кўтаришиб, пункт ичига олиб киришди. Ҳамма столларда жарроҳлар ишламоқда эди. Кичкина бош врач бизга жаҳл билан ўгирилиб қаради. У мени таниди ва қўлидаги асбобларини силкиб қўйди.
– Ga va bien?21
– Ga va.22
– Уни мен олиб келдим, – деди баланд бўйли инглиз италянчалаб. – Америка элчисининг ёлғиз ўғли. Қўлингиз бўшагунча шу ерда ёта турсин. Кейин мен биринчи қатновдаёқ уни олиб келаман. – У мен томонга эгилди. – Мен ҳужжатларингизни тўғрилашга бораман, шунда иш тезроқ кўчади. – У эшикдан энгашиб чиқиб кетди. Бош врач қисқичларни бўшатиб, тосга ташлади. Мен унинг ҳаракатларини кузатиб ётардим. Энди у боғлай бошлади. Кейин санитарлар ярадорни столдан олишди.
– Америкалик tеnentени менга беринглар, – деди врачлардан бири.
Мени кўтариб столга олдилар. Стол қаттиқ ва сирғанчиқ эди. Ҳаво турли-туман ўткир ҳидларга тўла эди, дориларнинг ачимсиқ ҳиди, чучук қон иси келарди. Шимимни ечиб олишди, врач қўли ишдан бўшамай, айни чоқда фельдшер-ассистентга ёздира кетди:
– Чап ва ўнг сони, чап ва ўнг тиззаси, ўнг товонининг юза қисми яраланган ва шилинган. Ўнг тиззаси ва товонининг яраси чуқур. Бошида йиртма яралар бор (у зонд қўйиб кўрди: «Оғрияптими?» – «О-о-о, ярамас! Ҳа!»), бош суяги дарз кетган бўлиши эҳтимол. Жанговар вазиятда яраланган. Шундай десак, жуда бўлмаганда сизни жўрттага ўзини майиб қилган, деб дала судига беришмайди-ку, – деди у. – Бир қултум коньяк ичасизми? Қандай қилиб бу аҳволга тушдингиз? Ўзингизни ўлдирмоқчи бўлдингизми ё? Менга кўкшолга қарши дорини беринг-да, карточкасида
21
Қалай, дурустми? (
22
Дуруст (