Қора қузғун. Фозил Тиловатов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Қора қузғун - Фозил Тиловатов страница 5
12
Акмал пансионатда қилиши лозим бўлган барча ишларни қилиб бўлгач, ортга қайтди. Тошкентдаги қидирув айтарлик натижа бермади. Калаванинг учи топилармикин, деб қилган барча уринишлари зое кетди. Шосалимнинг ёрдамида Жобирбекни таниган, билган одамлар билан ўтказган суҳбатлари ҳам бесамар бўлди. Ҳеч ким шубҳага асос бўладиган бирор-бир ҳолатни кўрмаган, гумонга сабаб бўлгудек бирон-бир сўзни эшитмаган.
«Тавба! Бутун бошли бир одам йўқолса-ю, ҳеч қандай из қолмаса. Буғланиб кетмагандир, ҳарқалай!» Суҳбат, сўровлар асносида Акмалнинг хаёлида нуқул ана шу каби саволлар чарх урарди. У бу саволларга жавоб топа олмай қийналар, аммо қачондир бу чигалларни ечишига ишонарди.
Қаршига қайтиб келгач, қидирув-тергов ишларини Жобирбекнинг оила аъзолари, яқин қариндошлари, уни таниган, билган одамларни сўроқ қилиш билан давом эттирди. Том-том маълумотлар йиғди. Иш устида, маҳалла-куйда, тўй-ўчарларда ким билан гаплашган, ким билан чаплашган – барча-барчасини текширди. Заводлар уюшмасининг раиси Зулфиқоровни айниқса, алоҳида назорат остига олди.
– Мендан шубҳа қилишлари табиий, – деди Зулфиқоров ҳузурига ташриф буюрган терговчини, очиқ юз билан қарши олиб. – Чунки ҳамма билади – Жобирбек кейинги пайтларда ишбилармонлиги, ташаббускорлиги билан менинг ўрнимга номзод сифатида кўриниб қолганди.
Одамлар шивирлашиб юрган гапларни Зулфиқоров очиқдан-очиқ тан олиб гапираётгани Акмални бир оз таажжублантирди. «Ҳушёр бўлиш керак, Зулфиқоровни «қари тулки» дейишлари бежиз эмасга ўхшайди», – деб ўйлади Акмал.
– Одамлар гапираверади! – Зулфиқоров чой кўтариб кирган котибаси чойнакни қўйиб чиқиб кетгунча жим турди-да, сўнг фикрини давом эттирди: Билмаганлари учун ҳам гапиришади. Шунинг учун мен улардан хафа бўлмайман.
– Агар ташрифим билан сизни ранжитган бўлсам, узр! – ўнғайсизланди терговчи, кекса одамнинг ёзғиришларидан безовталаниб. – Мен ҳам айнан шу томонини ўйлаб ўзим ҳузурингизга келгандим.
– Аксинча, мен сизнинг чақиришингизни кутгандим. Ҳаттоки, бунга тайёрлангандим ҳам.
– Тайёрлангандингиз?
– Ҳа, тайёрлангандим!
Зулфиқоров ўрнидан туриб, иш столи тортмасидан бир китоб, бир тахлам газеталарни олди-да, келтириб Акмалнинг ёнига қўйди.
– Мана бу китобни Жобирбек ўтган йили чоп эттирганди. Мана бу газеталарда унинг бир қанча мақолалари босилиб чиққан. Биласизми, у кўприксозликда бетон конструкциялардан фойдаланишнинг янги бир усулини ихтиро қилган.
Акмал киноларда, бадиий асарларда олимларнинг кашфиётлари туфайли қандай кўргуликларга