ўн икки маъмурий бирликка – аминликка бўлинган бўлиб, ҳар бир аминликда ўртача 7-8 тадан маҳалла мавжуд бўлган. Кўчалар туташган жойларнинг марказини – гузар деб аташар, ҳар бир гузарда масжид, мактаб, бозорча, нонвойхона, қассобхона, чойхона ва баққоллик дўконлари, йирик гузарларда меҳмонхона, китобхона, ҳаммом, карвонсарой бўлар эди. Гузарлар ўзига хослиги билан «Исфара гузари», «Қаймоқли гузар», «Нонвойлик гузар» деб номланар, ҳар бир маҳалла ва гузар бир-биридан нимаси биландир фарқ қиларди.Шаҳарда ҳунармандчилик, жумладан косибчилик, тикувчилик, заргарлик кабилар жуда ривожланган. Бозорлар гавжум, савдо-сотиқ гавжум, теварак-атрофдан келди-кетди ва савдогарлар оқими тўхтамас, озиқ-овқат маҳсулотлари бозорларда сотилса, ҳунармандчилик маҳсулотлари расталарда сотилар, товарларнинг турига қараб пойафзал, кийим-бош, газлама расталарига бўлинар эди. Шаҳар аҳолиси асосан ҳунармандчилик, устачилик, савдо-сотиқ билан шуғулланса теварак-атрофдагилар деҳқончилик билан шуғулланади. Шу сабабларга кўра кўпгина маҳаллалар аҳолининг машғулотига қараб – «Мисгарлик», «Дегрезлик», «Калвак», «Парпашабоф», «Галабаққоллик» деб аталар. Тарихий ёзувларга кўра Қўқонга кўпгина узоқ ўлкалардан ҳар хил гуруҳлар кўчиб келиб, ўрнашиб қолишган. Шу сабабга кўра баъзи маҳаллалар атамаси ўша воқеа ва уруғлар номи билан юритилади. Масалан: «Урганжибоғ», «Афғонбоғ», «Хўжанд» ва ҳоказо. Шаҳри Қўқон атамасига келсак бу ҳақдаги фикрлар турлича «Хувақанд», «Хавоканд», «Хўк канд», «Хўқанд», яъни – шамол шаҳри, ўйдим-чуқурлик, латиф шаҳар, тоғли жой ва бошқалар. Манбалардаги латиф сўзига кўпроқ урғу берилишига кўра – иқлими мўътадил, ҳавоси тоза, суви чучук ва аҳолиси одобли, хушмуомала, нозиктаъб, шеърият ва мутоибага дидли, ҳозиржавоб ва меҳмондўст.
***
Бу заминда келажак авлодларимизга юз йил ёки минг йил эмас, бир неча миллион йиллар, эҳтимол миллиард йиллар яшамоқ насиб қилар, ҳар бир мавжуд авлод шу ҳақда ўйлаб қайғуриб яшамоғи лозим.
Табиий жараёнлар ҳар доим кайфиятингга ажиб бир таъсир ўтказувчи мўъжиза. У гоҳ қувонтириб, гоҳ шодлантириб, маъюслантириб ҳатто кўзингдан ёш оқизишга қодир. Шамол мусиқа чалса, ёмғир рақсга тушади, офтоб кулса шабада табассум қилади. Қор ёғиши айниқса, улуғвор, юрагинг юмшаб, кайфиятинг илкис ўзгаради, чақмоқ ақлни уйғотади, ҳаракат уни ҳаракатга келтиради, момоқалдироқ қўрқув солади, шамол аллалайди, ёмғир шодлантиради, қор завқ беради, осмонга тикилиб бор товушинг билан бақиргинг келади. «Эй одамлар қаранглар, осмондан қувончлар ёғилмоқда, табиат бутун оламни оппоқ қилиб безамоқда». Бу сеҳрли жараёндан нафақат одамлар ҳатто паррандалар, бутун маҳлуқот қувончга тўлади, азал-азалдан табиат шўхликлари, фикрларингни бойитиб, меҳр қўзғаб ижодга ундайди, киши руҳига самодан узлуксиз сеҳрли садо келиб пичирлаб туради, уни ихлос билан тинглай олсангиз тилга киради. Табиат қаъридан оқиб келадиган товушлар, тинимсиз товланадиган ранглар барча мавжуд гўзалликларнинг манбаидир, унинг маслаҳатига қулоқ солган, ундан андоза ола билган одам, гўзал одамдир.