Ўзлик сари етти қадам – 3. Мақсадларим, шошмай туринг…. Жавлон Жўраев
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Ўзлик сари етти қадам – 3. Мақсадларим, шошмай туринг… - Жавлон Жўраев страница 2
Бу ташвишлар одамларга нимага керак? Биз айнан ана шу саволга жавоб излаймиз бу гал. Биз интилаётган истаклар, мақсадлар ва натижалар бизга нега кераклигини – умуман, улар бизга чиндан керакми йўқми, шуни англашга уриниб кўрамиз.
Душанба – Шахсият
Иккаламиз ўртоқмиз
Бу галги суҳбатни ажойиб эртак билан бошласак. Нима дедингиз?
Бир куни бир болакай зерикканидан акасининг расм дафтарига расм чизиб ўтирган экан. Ҳамма болалар каби у ўз ўйинқароқ машғулотини қоғозга митти одамча расмини чизишдан бошлабди. Бола бари бир болада – мўжизаларга ишонгани туфайли, унинг тасаввурида у чизган одамчага жон кириб, у билан суҳбатга киришибди:
– Салом. Мен кимман? – деб сўрабди одамча.
– Сен митти одамчасан, – жавоб берибди болакай, – Мен сени зерикканимдан чиздим.
– Зерикканингдан? У нима дегани? – тушунмабди одамча.
– Зерикиш – бир ўзинг қолганингда нимадир қилишни қаттиқ хоҳлаш.
– Унда мен ҳам зерикар эканман-да, – хўрсинибди одамча, – Ахир, мен ҳам ёлғизман.
– Нега энди, – дебди болакай, – мен сен билан ҳар доим бирга бўламан. Иккимиз энг яқин ўртоқ бўламиз.
– Ростданми? – хурсанд бўлибди одамча, – Яшасин! Лекин, – яна хомуш тортибди одамча, – мен сени кўра олмасам, фақат овозингни эшитсам, қандай қилиб сен билан ўртоқ бўламан? Демак, мен барибир ёлғиз бўлар эканман…
– Майли, ҳафа бўлма, – дебди болакай, – Мен сенга дўст бўлиши учун яна бир одамча чизиб бераман.
Шундай деб, болакай митти одамча ёнига яна бир одамча чизибди. Бола тасаввури унга ҳам жон ато этибди.
– Салом. Мен кимман? – деб сўрабди янги одамча.
– Сен ҳам митти одамчасан, – деб жавоб берибди болакай севиниб, – Ёнингдаги сенинг дўстинг. У ёлғиз бўлмаслиги учун сени чизиб бердим. Иккингиз танишиб дўстлашиб олинглар. Ҳаммамиз яқин дўст бўламиз.
Бола кўз ўнгида икки одамча дўст тутиниб, бир-бири билан сўзлаша бошлабди. Болакай икки одамчани яна-да хурсанд қилиш учун, улар тепасига қуёш, атрофига гуллар, капалаклар чизиб берибди.
– Бу нарсалар нима? – ҳайрон бўлибди одамчалар, – Улар жуда чиройли экан.
– Булар гуллар, – жавоб берибди болакай, – Мен уларни сизлар учун чиздим. Гаплашиб зерикканда, иккингиз улар орасида бекинмачоқ ўйнашингиз мумкин.
– Сен истаган нарсангни чиза оласанми? – ҳайрон бўлишибди одамчалар, – Биз нега чиза олмаймиз?
– Истасангиз, мен сизларга ўргатаман, – дебди болакай, – Бу жуда осон.
– Истаймиз, албатта истаймиз, – севинчдан сакрашибди одамчалар.
Шунда болакай икки одамчага расм чизишни ўргатибди. Одамчалар аввалига ўзларига ўхшаш одамчаларни