Бахтнинг олис манзили. Нуриддин Исмоилов

Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Бахтнинг олис манзили - Нуриддин Исмоилов страница 3

Жанр:
Серия:
Издательство:
Бахтнинг олис манзили - Нуриддин Исмоилов

Скачать книгу

– отам мўлтираб Шокир акага қаради, – ўзинг кўз-қулоқ бўлиб турасан-да, бунинг-ку топганига зормасман, боя айтганимдай, кўча кўрсин, кўзи пишсин, дейман-да. Шу одам бўлса, укаларини тортиб кетади-да.

      Отамнинг гапини қаранг. Мен боғдан келсам, бу киши тоғда юрибди. Топганимга зор эмасмиш. Топмасам, “Нексия”ни ким олади? Ким Нозиманинг ёнига талтайиб машинада боради? Ким қишлоқдошларнинг оғзини очиб қўяди?..

      Жаҳлим чиқди. Лекин лом-мим демадим. Фақат чаккамни қашладим, холос.

      – Хавотир олманг, ака, – деди бир ишни қойиллатиб қўйгандай Шокир ака ғўддайиб, – айтганимни қилса, зўр одам бўлади.

      Кўп ўтмай, Нормат ака ҳам етиб келди. Мен билан Шокир ака пўрим кийиниб олганмиз. У бўлса қишлоқда киядиганларини эгнига илиб олибди. Шокир ака униям бошдан-оёқ назоратдан ўтказди-да:

      – Ҳа, фермер, хотинингнинг путидан чиқолмадингми? – дея чақиб олди.

      Дарвоқе, Нормат ака тўйида бўлган ўша ҳангомадан кейин “фермер” деган лақаб орттириб олган. Бошда биров уни шу лақаби билан атаса, жаҳли чиқарди. Астасекин кўникди. Энди ўзининг асл исмини ҳам унутиб юборган бўлса ажабмас.

      Биз отам ва укаларим билан хайрлашиб, сумкаларимизни елкамизга олиб, “Қаердасан, Тошкент, пуллар хазондек сочилиб ётган шаҳар?” – дея йўлга тушдик. Нозималарнинг уйи ёнидан ўтиб кетаётганимизда мен ичикдим: “Қани, ҳозир Нозима чиқиб қолса-ю, менинг қаёққа кетаётганимни кўрса: “Тезроқ қайтиб келинг, мен сизни интизорлик билан кутаман”, деб чиройли табассум ҳадя қилса”, дея ўйладим. Аммо унинг қораси кўринмади. Уйига мўлтираб бир-икки қараб қўйдим-да, шерикларимдан ортда қолмаслик учун шитоб билан юриб кетдим.

      Ярим соатларда катта йўлга чиқдик. Шу ердан Тошкентга қатнайдиган автобуслар ўтарди. Анча туриб қолдик. Шокир ака асабийлашиб сўкинар, у ёқдан-бу ёққа бориб келарди. Ниҳоят бизни ўша жаннатга олиб кетадиган қип-қизил “Икарус” кўринди. Юрагим ҳаприқиб кетди. Сумкамни қўлимда маҳкам ушлаб, нажот манзилига элтувчи уловга термилдим.

      Аммо номард ҳайдовчи автобусни тўхтатмади: ёнимизга келганда бир марта сигнал берди-ю, ўтди-кетди. Алам билан ортидан қараб қолдим. Шокир ака эса сўкинди. Нормат ака ғиринг демади. Ҳатто пинагини ҳам бузмади.

      Орадан ўн беш дақиқалар ўтиб яна биттаси кўринди, бироқ у ҳам умидларимизни саробга айлантириб кетди.

      Ҳартугул, учинчи автобус тўхтади. Худди қолиб кетадигандай шошганча, бир-биримизни турткилаб чиқиб олдик.

      Ҳайдовчининг ёнида турган шопмўйлов, билаклари ба-қувват йигит бизга орқа ўриндиқлар бўшлигини айтиб, шу ёққа боришимизни тайинлади.

      Аввалига ойнадан ташқарини томоша қилиб кетдим, кейин кўзим илиниб, ухлаб қолибман. Бир маҳал ғала-ғовурдан уйғониб кетдим. Кўзимни уқалаб қарасам, автобусда бўш жой қолмабди. Қачон шунча одам чиққанини, очиғи, сезмай ҳам қолибман.

      Шокир ака уйғонганимни кўриб:

      – Уйқудан уй соласанми, баччағар, дарров тарракдай қотиб қолдинг? – деди кесатиб.

      Мен унга қараб илжайдим. Бир нима деб унинг қитиқпатига тегмоқчи бўлдим-у, лекин миямга тузук-қуруқ

Скачать книгу