Жавдарзордаги халоскор. Дж. Д. Сэлинджер
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Жавдарзордаги халоскор - Дж. Д. Сэлинджер страница 12
– Отам раққос бўлмай, Оксфордга боришимни хоҳлайди. Лекин бу лаънати оёқ рақси менинг қон-қонимга сингиб кетган бўлса, нима ҳам қила олардим?! – Стредлейтер кулиб юборди. У ҳазилни бинойидек тушунарди. – Зигфелд Фоллиснинг премьерасига хуш келибсиз! – ҳансирай бошладим. Нафас етмай қолди. – Бош қаҳрамонимиз ортиқ давом эттиролмайди. У молдек бўкиб ичган. Хўш, унинг ўрнини ким эгаллайди? Мана мен-да – кекса губернаторнинг ўғли.
– Қалпоқни қаердан олдинг? – сўради Стредлейтер ов қалпоғимга ишора қилиб. Сотиб олганимдан бери ҳали кўрмаганди.
Ҳалиям нафасимни ростлай олмаётгандим, ўйинга тушишни бас қилдим. Қалпоғимни қўлимга олиб унга юзинчи марта қарадим ва “Бугун эрталаб Нью-Йоркдан” – дедим. – Бир долларга. Сенга ёқдими?
Стредлейтер бош ирғади.
– Гап йўқ, – деди у шунчаки хушомад қилиб, сўнг дарров қўшиб қўйди: – Менга қара, иншомни ёзиб берасанми? Аниғини билишим керак.
– Вақт тополсам, майли, бўлмаса, йўқ, – дедим. Турган жойимдан қўзғалиб, яна унинг ёнидаги бояги жойимга ўтирдим.
– Ким билан учрашмоқчисан? – сўрадим. – Фицжеральдми?
– Уф, жин урсин! Айтгандим-ку, у тўнғиз билан орани очиқ қилганман деб.
– Йўғ-е? Уни менга бер, болакай. Беҳазил. У ойимча жа менбоп.
– Олавер… Лекин у сен учун қарилик қилади.
Шу пайт тўсатдан Стредлейтер билан ўйнашгим келиб қолса денг. Хоҳишимни ҳисобга олмаса, бунга тузукроқ сабаб ҳам йўқ эди. Раковинадан сакраб тушиб, бир қўлимни елкаси оша бўйнидан, иккинчисини эса қўлтиғи остидан ўтказиб, боши орқасидан ушлаб осилиб олдим. Бу усул курашда “ярим нелсон” деб аталади, мабодо билмасангиз дейман-да, у билан рақибни ўлдириб нетиб қўйиш ҳам ҳеч гапмас. Мен унга қоплондек чанг солгандим.
– Бас қил, Ҳолден. Худо ҳақи! – деди Стредлейтер бу қилиғимни хушламай. Соқол олаётган пайт ўйнашишга кўзи учиб турмаслиги аниқ, ҳар ҳолда. – Калламни узиб олмоқчимисан?
Шунда ҳам уни қўйиб юбормадим.
– Чангалимдан чиқиб кўр-чи!
– О, худо-о! – деди-ю устарасини қўйиб бирданига қўли билан кескин ҳаракат қилган эди, сиқувимдан чиқиб олди. У жуда бақувват йигит эди, мен эса жуда нимжон.
– Бўлди, майнавозчиликни йиғиштир, – деди ва яна соқолини олишда давом этди. У чиройли кўриниш учун соқолини кичкина эскириб кетган устараси билан икки қайта оларди.
– Фицжеральд бўлмаса, унда ким билан учрашмоқчисан? – сўрадим унинг ёнидаги раковина четига ўтириб. – Анави ёқимтой Филлис Смит биланми?
– Йўқ, шундай бўлиши керак эди, лекин бари чиппакка чиқди. Ҳозир мени Бад Тоунинг хонадоши кутяпти… Ҳой, сал қолса