Ибтидо. Дэн Браун
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Ибтидо - Дэн Браун страница 43
– Эшитяпсизми? – сўради Кирш баланд овозда. – Илм дарёси ўз қирғоқларидан тошмоқда.
Дарё шовқини янада баландлаб, Лэнгдоннинг ёноқларига сув томчилари урилди.
– Инсон оловни кашф этгандан буён, – хитоб қилди Эдмонд шовқин ичида, – бу дарё куч тўпламоқда. Ҳар бир кашфиётимиз янги кашфиётларни яратишимиз учун воситадир. Ҳар бир кашфиётимиз бу дарёга бир томчи бўлиб қўшилади. Бугунги янгилик томчи эмас, шиддаткор селдек дарёни ўзанидан тоширади. Унинг кучини ортиқ тўхтатиб бўлмайди.
Зал ҳануз титраётган эди.
– Биз қаердан келганмиз?! – қичқирди Эдмонд. – Олдинда бизни нима кутмоқда?! Бу жумбоқларнинг жавобини топиш инсоният тақдирига битилган! Минглаб йиллар давомида ечимга олиб борувчи тадқиқот усулларимиз юксак даражада ривожланиб келди!
Галерея ичида қаттиқ шамол эса бошлади, дарёнинг шовуллаши қулоқни кар қиладиган даражага етди.
– Эътибор қилинг, инсон оловни кашф қилгандан бошлаб, ғилдиракни ихтиро қилишигача миллион йил вақт ўтди. Ғилдиракдан босма қоғозгача бўлган вақт атиги бир неча минг йилни ташкил этди. Орадан бир неча юз йил ўтгач, телескоп бунёд бўлди. Кейинги асрларда, жуда қисқа вақт оралиғида, буғ машинасидан бензинда юрувчи автомобилларга, ундан ракеталар яратишга муваффақ бўлдик. Шундан сўнг ДНКмизда ўзгариш қилишга қандайдир йигирма йил керак бўлди, холос. Бизнинг замонамизда ҳар ой илмий янгилик қилинади, – қичқиришда давом этди Кирш. – Яна бироз муддат ўтгач, бугунги энг тезкор суперкомпьютер кўзимизга алмисоқдан қолган ҳисоблаш машинаси бўлиб кўринади; энг замонавий жарроҳлик усуллари ёввойилик туюлади ва илғор энергия манбалари аждодларимиз фойдаланган шамдек таассурот уйғотади.
Шовуллаган сув ҳамда Эдмонднинг овози қоронғиликда акс‐садо берарди.
– Илк юнон олимлари қадимги маданиятни ўрганиши учун бир неча аср ортга қарашига тўғри келган. Биз эса бир авлод ортга қарасак бас, бугун биз фойдаланаётган технологиялардан мосуво бўлган “қадимги”ларни кўрамиз. Инсоният тараққиёти жадвали зич тақсимланган: “қадимий” ва “замонавий” атамаларини ажратиб турувчи бўшлиқ нолга тенглашмоқда. Шуни инобатга олиб, сизларга ваъда бераман: инсоният юксалишининг кейинги бир неча йили ҳайратланарли ва ақл бовар қилмайдиган ҳодисаларга бой бўлади.
Кутилмаганда қулоқни қоматга келтирувчи шовқин тиниб, залга осойишталик чўкди.
Осмон яна юлдузларга тўлди. Чигирткалар чириллаб, майин шабада эса бошлади.
Залдаги меҳмонлар бир овоздан енгил нафас олди.
Жимликни Эдмонднинг шивирлаган овози бузди:
– Дўстларим, – юмшоқ оҳангда деди у. – Бу ерга кашфиётимдан баҳраманд бўлиш учун йиғилгансиз. Бироз куттириб қўйганим учун узр сўраган ҳолда, каминага сўзлаш учун имконият берганингиздан мамнунлигимни изҳор этаман. Келинг, энди эскирган фикрлаш тарзимизни ахлат қутига улоқтирайлик. Кашфиётнинг қувончини