Ибтидо. Дэн Браун
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Ибтидо - Дэн Браун страница 38
Мия ичидаги тугунчалар кўздан йўқолиб, таниш расмлар – астрологик хариталар, сув узра юраётган Исо Масиҳ, саентология асосчиси Л. Рон Ҳаббард, Миср худоси Осирис, ҳиндуизмнинг тўрт қўлли фил худоси – Ганеша ҳамда Биби Марямнинг ҳақиқий кўзёшлар оқаётган мармар ҳайкали чиқиб келди.
– Хуллас, дастурчи сифатида ўзимдан ўзим сўрайман: нимага бизнинг операцион тизимимиз бунақа сафсаталарни яратади? Саволнинг жавоби бошимиз ичида. Агар инсон миясини чуқур тадқиқ қилсак, у иккита асосга қурилганини кўрамиз.
Экранларда йирик‐йирик ибора пайдо бўлди:
– Кўриб турганингиз – миямизнинг асосий дастури, – Кирш изоҳ берди. – Шу дастурга биноан миямиз тартибсизликдан қочиб, ҳамма жойда тартиб яратишга уринади.
Шу пайт мусиқадан бехабар ёш бола клавишларни аямасдан босаётгандек, пианинонинг телба‐тескари овози янграб қулоқни қоматга келтирди. Лэнгдон ва бошқа томошабинларнинг бехосдан асаблари таранглашди.
– Пианино ноталарининг маъносиз данғиллашига тоқат қилиб бўлмайди, – қичқирди Эдмонд шовқин ичидан. – Лекин худди шу ноталарни аниқ тартибга келтирсак…
Асаббузар шовқин тиниб, унинг ўрнида Дебюссининг “Ой ёғдуси” сонатаси майин оҳангда янграй бошлади.
Ёқимли садо остида Лэнгдон мушакларининг бўшашганини ҳис қилди, залдаги асабийлик ҳам барҳам топди.
– Бизнинг миямиз роҳат олади, – гапини давом эттирди Кирш. – Юқоридаги ҳар иккала оҳанг бир хил ноталардан иборат ва бир хил мусиқа асбобида чалинган. Улар орасидаги ягона фарқ – тартиб. Дебюсси ноталарни тартибга солди ва инсонга завқ улашди. Девордаги қийшайиб турган рамкани тўғрилаганимизда ёки топишмоқнинг жавобини топганимизда ҳам худди шунақа роҳатланамиз. Тартибга мойиллигимиз ДНКмизга ўйиб ёзилган. Шундай экан, инсоният энг буюк ихтироси – компьютерни тартибсизликни тартибга солишда кўмаклашиш учун яратганидан ажабланмаса ҳам бўлади. Испанчада компьютер бежиз орденадор деб аталмайди. Тўғридан‐тўғри таржима қилинганда орденадор – “тартибга солувчи” деган маънони англатади.
Экранда баҳайбат компьютер қаршисида ўтирган йигит сурати пайдо бўлди.
– Тасаввур қилинг, сиз бутун дунёдаги маълумотларга улана оладиган қудратли компьютерга эгасиз, унга истаган саволингизни беришингиз мумкин. Эҳтимоллар назариясига мувофиқ, охир‐оқибат сиз компьютердан ақлимизни таний бошлаганимиздан бери онгимизни эгаллаган иккита асосий саволни сўрайсиз.
Компьютер