Ибтидо. Дэн Браун

Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Ибтидо - Дэн Браун страница 39

Автор:
Жанр:
Серия:
Издательство:
Ибтидо - Дэн Браун

Скачать книгу

ёлғондан бўлса ҳам, қандайдир тартибни яратиб беради. Мифология, диний эътиқодлару фалсафий қарашлар инсоният ибтидоси ва интиҳоси тўғрисидаги жумбоқларга жавоб бўлувчи тартиб иллюзияси тариқасида дунёга келади.

      Бош узра диний тасвирлар пайдо бўлишда давом этаркан, Эдмонднинг товуши баландлаб борди:

      – Биз қаердан пайдо бўлганмиз? Бизни олдинда нима кутмоқда? Мени ўзига жалб қилган борлиқнинг бу икки фундаментал жумбоғига жавоб топишни йиллар давомида орзу қилдим, – Эдмонднинг овози қайғули тус олди. – Афсуски, диний ақидалар сабаб миллиардлаб одамлар икки саволнинг жавобини яхши биламиз, деб ишонишади. Бунинг устига, ҳар бир дин бу саволларга турлича жавоб бераркан, бутун бошли маданиятлар Яратгувчи Зот ҳақидаги кимнинг ҳикояси ҳақиқатлиги устида тортишиб, жангга киришади.

      Бош узра замбаракдан отилаётган ўқлар, бомбаларнинг портлаши каби диний урушларни акс эттирган қонли тасвирлар кўринди. Улар ортидан бахтсиз қочоқлар, етим қолган болалар ва тинч аҳолининг жасадлари намоён бўлди.

      – Динлар пайдо бўлгач, инсонлар турли гуруҳларга бўлиниб кетди ва улар орасига туганмас адоват уруғи сепилди. Атеистлар, насронийлар, мусулмонлар, яҳудийлар, ҳиндуистлар – ҳаммамиз ўзгача эътиқод вакилига бошқача кўз билан қараймиз. Турли эътиқод вакилларини бирлаштириб турувчи ягона ўхшашлик эса ер юзида тинчлик ҳукм суриши учун ҳаракат қилишимиздир.

      Урушнинг гумбурлаган суратлари ғойиб бўлиб, ўрнида милтираётган юлдузлар жой олган чексиз само ҳосил бўлди.

      – Шунчаки тасаввур қилинг… Агар борлиқнинг иккала жумбоғига ечим топсак, нима бўлади… Жавобларнинг бехато исботига назар ташласаг‐у, қўлимизни чўзиб, уни қабул қилишдан бошқа чора тополмасак… Барча… бир бутунликда…

      Қўлини қовуштирганча илтижо қилаётган роҳиб экранда пайдо бўлди.

      – Илоҳий масалаларни ҳал қилиш диннинг юмуши ҳисобланган. Шунинг учун динларнинг куракда турмайдиган таълимотларига ҳам индамай кўз юмишга мажбур бўлганмиз.

      Бош узра жамоа бўлиб кўзларини юмган кўйи ашула айтаётган, таъзим қилаётган, дуо ўқиётган диндорлар тасвиридан иборат коллаж ҳосил бўлди.

      – Иймон, – деди Эдмонд, – маъносидан ҳам маълумки, ўзинг кўрмаган, ҳис қилмаган нарсаларга ҳеч қандай исбот талаб қилмасдан ишонишга даъват этади. Одамларнинг эътиқоди нега турлича бўлади? Чунки дунёда универсал ҳақиқатнинг ўзи йўқ, – Эдмонд бир зум тўхтади. – Аммо…

      Шифтдаги расмлар бирлашиб, кўзларини катта‐катта очганча диққат билан микроскопга тикилиб турган талаба қизнинг суратини ҳосил қилди.

      – Илм‐фан – диннинг бутунлай тескариси, – давом этди Кирш. – Фан ҳалигача номаълум ёки аниқланмаган ҳодисаларга моддий исбот топишга ҳаракат қилади. Фан хурофотларни ва тўқималарни рад этиб, далилларга таянади. Одамлар илм‐фан топган жавобларни деб ҳеч қачон бир‐бирига қарши бош кўтармайди. Саволларга илм‐фан таклиф қилган ечим ҳамиша универсал бўлиб, инсониятни гуруҳларга бўлиб ташламайди, балки атрофида бирлаштиради.

Скачать книгу