Ибтидо. Дэн Браун
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Ибтидо - Дэн Браун страница 37
Экранда кутубхонадаги чанг босган китоб жавони кўринди. Унда Баал, Осирис, Иштар сингари кўплаб маъбудлар ҳақида ёзилган чарм муқовали қадимги мифлар тўпламлари терилиб турарди.
– Ҳозир кўп нарса аввалгидек эмас! – қироат билан деди Лэнгдон. – Бизнинг қарашларимиз ўзгарди.
Янги тасвирлар экран юзини қоплади: фазонинг забт этилиши… компьютер чиплари… тиббий лабораториялар… парвоздаги самолётлар…
– Энди биз ақлан ривожланган, технологик жиҳатдан маҳоратли мавжудотга айландик. Биз энди вулқонлар остида баҳайбат темирчининг ишлашига, тўлқинлар ва фаслларни назорат қилувчи худоларга ишонмаймиз. Биз аждодларимизга умуман ўхшамаймиз.
– Ёки ўхшаймизми? – деб пичирлади майса устида ётган Лэнгдон аудиоёзувни сўзма‐сўз қайтариб.
– Ёки ўхшаймизми? – Лэнгдоннинг овози юқоридан ҳам келди. – Биз ўзимизни замонавий, ўқимишли шахс деб ҳисоблаймиз, шунга қарамай, бугунги энг кенг тарқалган динлар ҳамон мўъжизага тўла – ўликнинг қайта тирилиши, бокира қизнинг туғиши, табиий офат юборувчи қасоскор худолар, ўлимдан кейинги ҳаёт, етти қават осмондаги роҳатбахш жаннату, аланга босган дўзах – буларнинг ҳаммаси биз эътиқод қилувчи динларнинг таълимоти саналади.
Лэнгдон гапида давом этаркан, экранда Исонинг қайта тирилиши, Биби Марям, Нуҳ кемаси, Қизил денгиз сувининг иккига ажралиши, дўзах ва жаннат тасвирлари намоён бўлди.
– Келажакдаги тарихчилар ва антропологлар биз ҳақимизда нима деб ўйлашини бир тасаввур қилинг, – деди Лэнгдон. – Замонасидан келиб чиқиб, улар бизнинг диний қарашларимизни ўрганади ва эътиқодларимиз тизимини зулмат даври мифологияси деб ҳисоблайдими? Улар худоларимизга биз ҳозир Зевсга қарагандек муносабатда бўладими? Муқаддас китобларимизни тўплаб, тарихнинг чанг босган жавонига тиқиб қўядими?
Лэнгдоннинг саволидан сўнг залга узоқ жимлик чўкди.
– Худди шундай бўлади, профессор, – жимликни Эдмонд Киршнинг юқоридан янграган овози бузди. – Ҳаммаси айнан шундай бўлишига мен ишонаман. Келажак авлодлар ўз‐ўзига савол бериши шубҳасиз: қандай қилиб илм‐фан ривожланган даврда яшаган биздек одамлар динлар ўқитган сафсаталарга ишонган бўлиши мумкин?
Киршнинг овози баландлаша борди. Одам Ато ва Момо Ҳаво, бурқага бурканган хотин, чўғ устида юраётган ҳинду расмлари экрандан бирма‐бир ўтди.
– Бугунги анъаналаримиздан хабар топгач, ишончим комил, келгуси авлодлар бизни зулмат даврида яшаган, деб хулоса қилади. Фикрларининг исботи сифатида улар эътиқодларимизни кўрсатади: Худо одамни сеҳрли боғда лойдан бунёд қилиши, ҳар нарсага қодир Яратгувчи аёлларга бошини ёпиб юришини буюриши, бу ҳам етмагандек,