СЎЗ ҚИСМАТИ. Зуҳриддин Исомиддинов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу СЎЗ ҚИСМАТИ - Зуҳриддин Исомиддинов страница 9
Чиқмайди. Негаки, бу ифода ўзбек тилининг табиатига ёт, ҳатто янада чуқурроқ кириб бориб айтадиган бўлсак, мавҳум нарсалар нимадан бошланади (меҳр нимадан бошланади, нафрат нимадан бошланади каби), деган тушунчанинг ўзи ўзбекча эмас, яъни ўзбек ва умуман туркий халқлар тафаккур тарзига бегона.
Яқинда бир рўзномада «она рози – худо рози, дейдилар», деган янги бир «мақол»га кўзим тушди. Албатта, она улуғ, табаррук зот (бу ҳақда ҳадислар кўплигини биласиз). Аммо бояги гапни мен эшитмаган эканман. Онани мадҳ этиш учун она халқимизнинг отани улуғлаган қуйма мақолини ўзгартириш шунчалик зарурмикин?
Гап оталарга қараб бурилган экан, ота тўғрисидаги яна бир қанча табаррук мақол аллакимлар томонидан «тузатилаётгани», «таҳрир» қилинаётгани эсга келади. «Ота рози – Худо рози» дейиш биланоқ фарзанд учун энг улуғ инсон ота эканини муҳрлаб қўйган халқнинг тантилигини қарангки, икки-уч тоифани отадан улуғроқ кўради, масалан, устоз отангдан улуғ, дейди. Бироқ «бўса»ни «бўлса» деб «адабий» ёзишга даъват қиладиган чаққонлар, отадан ҳеч ким улуғ бўлолмайди, демак бу сўз бузилган, асли устоз отангдай улуғ бўлади, энди шундай ёзайлик, деб таклиф беришади.
Бу – тилни ҳис қилмасликдан.
Тилшуносликда тил илмига оидликни билдирадиган лисоний деган тушунча билан бирга, ғайрилисоний (тил илмига оид, бироқ ундан ташқарида маъносидаги) деган истилоҳ ҳам бор. Аксар тилшуносларимиз фақат «лисончи»лик билан кифояланиб қолишган – уларга грамматика қоидалари бузилмаса бўлгани, тилнинг ўзи бузилиб кетаётгани билан ишлари йўқ. Устоз отангдан улуғ дейиладими ё отангдай улуғми – уларга фарқсиз, чунки бу ерда бояги схоластик қоидалар бузилаётгани йўқ. Шунинг учун ҳам, тилчиларнинг бу масалага аралашишини кутиш бефойда (ёдингизда бўлса, она тилимизнинг давлат тили бўлишида ҳам, кутилганига қарши, анча лоқайд турган тоифа тилшунослар эди).
Ота ҳаммадан улуғ. Худди шунинг учун устоз отангдан улуғ, деймиз. Отанинг мавқеи, масалан, холадан пастроқ ё амакиваччадан юқорироқ бўлса, у ҳолда бунақа мақол тўқилмасди. Айнан – ота энг улуғ бўлгани боис, эл устозни улуғлаш учун ё бўлмаса меҳмонни эъзозлаш учун устоз отангдан улуғ, дейди, яна меҳмон отангдан улуғ, дейди. Бу билан отанинг