СЎЗ ҚИСМАТИ. Зуҳриддин Исомиддинов

Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу СЎЗ ҚИСМАТИ - Зуҳриддин Исомиддинов страница 7

Жанр:
Серия:
Издательство:
СЎЗ ҚИСМАТИ - Зуҳриддин Исомиддинов

Скачать книгу

у нафақат куёвнавкар қуршовида бўлади, ҳатто айрим жойларда куёвни таниб олмасликлари учун бир неча жўра у билан бирга бошига тўн ёпиниб тўйхона сари илгарилашади.

      Бу дегани, аслида куёв келин томонга зирҳли кийимлар кийиб, ўзларини билдирмаслик учун кўпинча қоронғи тушганда тўсатдан ёпирилиб, жанг қилиб кириб бориши ва келин томоннинг қарши турган кучлари устидан ғолиб чиқиб, келинни олиб кетиши сюжети ҳозирга қадар тўйларимизда такрорланишини билдиради. Ёдингизда бўлса, яқин-яқинларгача келиннинг маҳалласидаги йигит-яланглар куёв томоннинг навкарлари йўлини тўсар, муштлашишар, ғижиллашишар, қоронғида отилган тошлардан қанча бошлар ёрилар, отлар ҳуркитилар, йўллар қазиб ташланар эди. Куёвнавкарлар келин хонадонига етиб келганларидан сўнг махсус тайёрлаб қўйилган хонага кирганлар. Уй остонасига пояндоз (оқ рангли мато ва қизил рангли белбоғ бир-бирига қўшиб тикилган) солинади. Куёв пояндозни босиб ичкарига кирганидан сўнг, унинг дўстлари ва келиннинг маҳалласидан бўлган йигитлар пояндозни ўзаро тортишиб, ким кучлилигини аниқлашган.

      Ҳатто ХIХ аср ўрталарида ҳам қиз яширилган уйда куёв тараф билан келин тарафнинг сўнгги олишуви юз берган бўлиб, чимилдиқли уйда икки тараф аёлларнинг арқон тортишуви – унинг қолдиғи бўлса керак. Келин куёвникига олиб кетилаётганда унинг қўшнилари, яқинлари, маҳалла ва қишлоқ йигитлари араваларнинг йўлини тўсиб, совға, инъом талаб қиладилар. Бунинг учун арқон тортиб йўлни тўсадилар. Халқимизда бу одат «йўл тўсиш» деб номланади. Ушбу одат барча вилоятларда мавжуд бўлиб, бу удум Қашқадарёда «Пўта», «Пута тутиш», «Хонтаёқ», Самарқанд вилоятининг айрим туманларида, Чимкентда ва бошқа жойларида «Боқон», «Арқон тутиш» деб юритилган.

      Буларнинг барчаси энг қадимги удумлар амал қилган замонларда подшоҳнинг ўз навкарлари билан бостириб келиб, қарши кучларни енгиб, подшоҳ сифатида эътироф этилиб, шундан сўнг зўрлик қилиб келинни олиб кетиши воқеалари “шоҳона тўй” сифатида эътироф этилганини кўрсатади. Бундай тўй тарзи қиз томон қудалар тарафидан ҳам эътироф этилган, зеро, у келиннинг шунчаки эриникига кўчиб ўтаётганини эмас, кимсан подшоҳнинг назарига тушиб, кўп талафотлар эвазига қўлга киритилган малика мақомига кўтарилганини билдирар эди.

      Ўзбек тўйида куёвга келиннинг уйида сарупо кийдирилади, бошига тайёр салла қўндирилади ва куёв энг тўрга (қадимда – тахтга) ҳурмат билан ўтқазилади (ўтмишда ҳар бир уруғ, қабиланинг ўз туғи, тахти бўлиб, олимларнинг айтишича, тилимиздаги тагли-тахтли одам дегани аслзодаликни билдирган). “Салла ўралади” демай, “қўндирилади”, дейишимизнинг сабаби– бу салла намоз ўқишга эмас, подшоҳлик белгиси бўлмиш тож қадашга мўлжалланган, у махсус ясалади. Ўша ондан – бошига тож қўйилган дамдан бошлаб куёв йигит келин хонадони учун подшоҳ (почча)га айланади. Ҳатто энг замонавий, ғирт европача тарзда, ҳашаматли ресторанларда ўтаётган бугунги тўйларда ҳам куёвбола тож қадалган саллани бошига қўйиб, эгнида шоҳона зарчопон билан тўйхонага кириб

Скачать книгу