Юрак - аланга: бадиалар. Иброҳим Ғафуров
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Юрак - аланга: бадиалар - Иброҳим Ғафуров страница 28
Адиб шаҳзода тасвирида тарихий қолипдан четга чиқмайди. Айни чоғда уни ишонарли қилиб гавдалантириш учун қаттиқ ҳаракат қилганлиги кўриниб туради. Абдуллатиф унинг тасвирида Алишер Навоий таърифлагандек, девонасор, аламзада, шу билан бирга табиатига шоирлик бегона бўлмаган бир образ каби ҳаракат қилади. Абдуллатиф тож кўйида ёниб, Шайх Низомуддин Хомуш сингари шариатнинг манфур айғоқчилари қўлида ўйинчоққа айланиб қолган шаҳзода. Барча шуҳратпараст жоҳиллар каби у раҳмсиз. Хунрез. Разил. Падаркуш. У ота башорат қилган тақдирнинг аччиқ шаробини ичади. Отага хиёнат қилиб ўзи ҳам алҳол хиёнат қурбони бўлади. Мирзо Абдуллатиф воситасида адиб тахтнинг разолат ва манҳуслик уясидан бошқа нарса эмаслигини яхши очиб беради.
«Улуғбек хазинаси»нинг бошқа қаҳрамонлари ичида романтик либосларга бурканган, алпдек чўнг жуссали, «Навоий» романидаги Арслонқул каби мардона бир қиёфага эга бўлган Қаландар алоҳида ажралиб туради. Бу образнинг сахт-сумбати, турқ-тароватида машҳур қаҳрамонлар – Йўлчи ва Отабеклардан қўшилган алланима бор. Бу алланима соддаликнинг мардоналигида, мардликнинг тиниқ самимиятга ёрлиғидадир. Оддий халққа хос бўлган энг соғлом кайфиятлар, соғлом руҳ, фидокорлик мана шундай қаҳрамонлар орқали ифодаланади. Шуниси диққатга сазоворки, Одил Ёқубов бошқа қаҳрамонларини чизганда, кўпроқ экспрессив йўлдан борса, Қаландарга келганда унинг қалами эпик осойишталик билан суринади. Адиб Қаландар кўзи билан романнинг бошқа ўринларида учрамайдиган эпик манзаралар яратади. Бунинг чуқурроқ сабаблари бор, албатта. Адиб Қаландарни ҳам, у туғилган Қарноқ қишлоғини ҳам ғоят яхши билади. Бунда унинг фантазиясини чекловчи далиллар тазйиқи йўқ.
ЯНА БАЪЗИ ГАПЛАР
Роман шундай ният билан қурилганки, унинг умумий мундарижасида кимки нурга қарши тузоқ ташлаган ёки килич кўтарган бўлса, худди нурнинг қарғиши теккандек забун бўлади. Маърифатни бўғмоқчи бўлганлар ўз қора алангаларида куйиб кетадилар. Ва Улуғбек ҳамда Али Қушчи сингари маърифат эгаларининг энг эзгу тилаклари, асрларга қолдирган асарлари миннатдор авлодлар қўлига етиб келади. Шу тариқа маърифат жафокашларининг порлоқ сиймолари келажак авлодларга ифтихор ва ибрат намунаси бўлиб хизмат қилади. Зотан, биз эришган улуғ маърифат буюк аждодлар гуманистик маърифатининг ҳур давомидир. Кўпинча, тарихий-бадиий асарнинг замонавийлиги нимада, деган саволга дуч келамиз. Ҳамма унга баҳоли қудрат жавоб беради. Лекин жавобларнинг кўпи ноаниқ бўлади. Бу гапга қамрови кенг жавоб балки биттадир. Ва мен Яшиннинг «Инқилоб тонги» драмасидаги бошловчи йигитнинг қуйидаги сўзларида яхши ифодаланган деб ўйладим. Йигит айтади: «Ҳозирги замоннинг онаси ўтган замон!» Ўтмиш халқ тарихи ҳеч қачон унинг бугунги тарихига бегона бўлган эмас. Шунинг учун ҳам уни Она дейдилар. Шу Она қалбини ҳаққоний диалектик ёритиш унинг ўлмас замонавийлигини таъминлаб қўяди. Шу маънода Одил Ёқубовнинг янги романи ўтмишни англаб