Мангу латофат: бадиалар. Иброҳим Ғафуров

Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Мангу латофат: бадиалар - Иброҳим Ғафуров страница 32

Жанр:
Серия:
Издательство:
Мангу латофат: бадиалар - Иброҳим Ғафуров

Скачать книгу

style="font-size:15px;">      …Бир куни ўйнаб юриб, отам ишлайдиган МТСга бориб қолибман. Отам уч-тўртта кишилар билан ҳовлида нималарнидир гаплашиб турган экан. Мени кўрди-да, негадир ўрисчалаб: «почему босиком?» – деб сўради, оёқяланг юрганимни ёқтирмай. Отам нега ўрисчалаб гапирганини тушунолмадим. Илгари ҳеч бундай гапирганини эшитмаган эдим. Унинг шу сўзлари қулоғимда муҳрланиб қолган. Кўп бора эслаганман кейин. Балки олдида турган одамларга биз уйда ҳам русчалаб гаплашиб турамиз, дегандай қилдимикин, ҳайронман… Отам жуда келишган, кўркам одам эди. Унга ҳавасим келарди…

      Одамнинг жуда эрта болалик чоғларида эсда муҳрланиб қоладиган шундай воқеалар бўлади. Улар сўнг бир умр кишининг хотирасидан кўтарилмайди. Умрнинг дамларида бот-бот ёдга тушади. Улар балки кейин рўй берадиган алланималардан дарак берадилар. Уларда худди шу одам умрининг мазмуни, маъноси ўчмас бўлиб муҳрлангандай кўринади. Ҳеч нарса тасодифан рўй бермайди. Ҳамма нарсаларнинг учи болаликда яшириниб ётади. Навоийнинг уч яшар чоғида «Мантиқут-тайр»ни тўлалигича ёд олиб, хаёлпараст бўлиб қолгани тасодифмикин? Ёки унинг сабий чоғида даштда Шарафиддин Али Яздийга дуч келгани, унинг дуосини олгани тасодифмикин? Кейинчалик бу воқеалар унинг ҳаётига таъсир кўрсатиб, умр саҳифаларига шуъла сочиб турмадими?

      Эркин Воҳидов ҳикоя қилиб берган соддагина воқеада унинг заковати уйғониб келаётганлиги, атрофини қуршаган нарса-ҳодисаларга жуда ҳам қизиқиб қараши, унда дунё ва одамларни билишга майллар уйғонаётганлиги, сўзларни эътибор билан тинглаш ва уларнинг устида ўйлаши, мулоҳаза юритиши, яъни катта ижодкор шахсларда камол топадиган характерли унсурларнинг зуҳурланишларини кузатиш мумкин.

      Суҳбатларимиздан бирида Эркин Воҳидовдан энг биринчи ёзилган ёки мияда туғилган шеъри ҳақида сўрадим.

      – Биринчи туғилган шеърим «Қора қушлар қўнарлар Мажнунтолнинг шохига…» деб бошланадиган шеър бўлса керак. У ни узоқ вақт хаёлимда пишириб юрганман. Биринчи маротаба биздан пича тикроқ Сайёр акамга ўқиб берганман. Ўшанда у жуда қаттиқ ҳаяжонланган ва мени шеър ёзишга ундаган, тўгаракларга, домла Ғайратий ҳузурига етаклаб борган эди. Лекин нега шундай ёзганман, бу ҳаётий манзарадан олинган бир оний таассуротнинг натижасими ёки бунинг тагида одам англаши қийин бир маъно бормиди, ҳанузгача тушунтириб беролмайман. Балки бу миянинг остки қаватларида чўкиб ётган аламли тасаввурларнинг акс садосидир. Эллик иккинчи йиллар оғиргина йиллар эди… – Эркин Воҳидов анчагача ўйланиб қолди. Сўнг: – Баъзан тушунтириш қийин бўлган жуда ғалати маънодор ҳодисалар бўлади. Қора қушларнинг келиб тол шохига ўтириши, уларнинг оғирлиги остида шохларнинг эгилиб нола қилиши ва кейин қушлар учиб кетгач, шохларнинг яна асл ҳолига қайтиши, сизнинг бугунги тилингиз билан айтганда, ўзини тиклаши менга ўша пайтда қаттиқ таъсир қилган бўлса керак ва эҳтимол нималарнидир эслатгандир. Балки бу эзилиш, эгилиш тирик жон учун ўткинчи эканлигини англатар ва ҳамиша тирик жонзотда тикланиш, ўнгланиш умиди,

Скачать книгу