Тирилиш. Лев Толстой
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Тирилиш - Лев Толстой страница 48
Бу камерада ҳаммаси бўлиб ўн беш киши турар: шуларнинг ўн иккитаси аёл ва учтаси ёш бола эди.
Ҳали ёп-ёруғ эди. Фақат икки хотин сўри устида ётарди: уларнинг бири, паспорти бўлмагани учун қамалган девона аёл эди, у бошини халатига буркаб ётарди, – у ҳамма вақт ухлагани ухлаган эди. Иккинчиси, ўғирлик қилгани учун қамоққа олинган сил хотин эди. Буниси халатини бошига қўйиб, томоғини қитиқлаётган балғамни қайтариб, йўталмасликка уриниб бақрайиб қараб ётарди. Ҳаммалари бош яланг, бир хил бўз кўйлак кийган, бошқа аёлларнинг баъзилари сўри устида иш тикиб ўтирар, баъзилари ҳовлидан ўтиб кетаётган маҳбусларни томоша қилиб, дераза ёнида туришарди. Иш тикиб ўтирган уч хотиннинг бири Масловани узатиб қолган кампир эди. Кораблева қовоғи солиқ, юзини ажин босган, бақбақаси салқиб тушган новча, малла сочи чаккаларидан оқара бошлаган, юзидаги сўгалидан соч ўсиб чиққан бақувват хотин эди. Бу кампир эрини болта билан чопиб ташлагани учун каторгага ҳукм этилган эди. У қизига шилқимлик қилавергани учун эрини ўлдирган эди. У камеранинг оқсоқоли бўлатуриб, вино ҳам сотарди. Кораблева кўзойнак тақиб, ишда чиниққан катта қўлларида игнани деҳқончасига уч бармоқ билан ушлаб, учини ўзига қаратиб тикарди. Унинг ёнида паст бўйли, пучуққина, қорачадан келган, митти қора кўз, очиқ кўнгил, эзма хотин қоп тикиб ўтирарди. Бу темир йўл будкасининг қоровули бўлиб, поезд келар олдидан байроқ кўтариб чиқмагани, поезд ҳалокатга учрагани учун уч ой қамоққа ҳукм этилган эди. Иш тикиб ўтирганларнинг учинчиси Федосья, ўртоқлари Феничка деб юритадиган жувон эди. У оппоққина, икки бети қип-қизил, мовий кўзлари болаларникидек чақнаб турадиган, иккита қилиб ўрилган узун сочларини кичкинагина бошига чамбарак қилган ёшгина, хушсурат жувон. У эрига заҳар бериб ўлдирмоқчи бўлгани учун қамалган эди. Федосьяни ўн олти ёшида эрга беришган, у эрини тўйнинг эртасигаёқ заҳарламоқчи бўлган. Кафилга олиниб чиқилгач, суд бўлгунча, саккиз ой мобайнида у эри билан ярашиб, унга қаттиқ муҳаббат қўйган, апоқ-чапоқ бўлиб кетган. Эри билан, айниқса, уни яхши кўриб қолган қайнанаси, судда уни оқлашга ҳарчанд уринишган бўлсалар-да, бунга қарамай у Сибирга, каторга ишига ҳукм этилган эди. Хушфеъл, хушчақчақ кулимсак Федосья Маслованинг ёнида ётарди. У Масловани жонидек кўрар, унга ғамхўр бўлиб, хизматини бажо келтириб турарди. Сўри устида яна икки хотин бекор ўтирарди. Уларнинг бири, ёши қирқларга борган, рангсиз ориқ юзи бир вақтлар гўзал бўлган, ҳозир озиб-тўзиб кетган рангпар хотин эди. Узун, оқ кўкраги билан қўлидаги чақалоғини эмизиб ўтирарди. Бу аёлнинг гуноҳи шу эдики, уларнинг қишлоғидан, мужикларнинг фикрича, ноҳақ рекрутликка32 олинган йигитни олиб кетишаётганда халойиқ становойни тўхтатиб рекрутни олиб қолган. Бу хотин, ноҳақ олинган йигитнинг холаси, рекрут тушган аравага қўшилган отнинг жиловидан биринчи бўлиб тортган. Сўри устида яна юзини ажин босган, сочи оқарган, паст бўйли, содда дил, букри бир кампир бекор ўтирарди. Бу кампир сўрида, печка ёнида ўтириб, қиқир-қиқир кулиб ёнидан у ёқдан бу ёққа чопқиллаб ўтиб турган, сочи калта қилиб олинган тўрт яшар дўмбоқ
32
Рекрут – чор Россиясида солдатликка олинган одам