Ирода кучи. Келли Макгонигал
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Ирода кучи - Келли Макгонигал страница 22
Ушбу кашфиёт сизнинг ирода кучингиз синовлари билан бевосита боғлиқ. Замонавий ҳаёт жуда кўп чидамлиликни талаб қилади ва ўзини ўзи бошқариш захираларини йўқ қилиши мумкин. Тадқиқотчилар ўз-ўзини назорат қилиш эрталаб энг юқори бўлишини ва кун давомида аста-секин пасайишини аниқлаганлар. Ишдан кейин спорт залига бориш, орзуингиздаги ишингизга ўтиш, болаларингиз бармоқларини бўёққа ботираётганда совуққонликни сақлаш ва меҳмонхонадаги диванни тасвирий санъат асарига айлантириш, тортма орқасига беркитилган сигарет қутисига тўсатдан қўлингиз чўзилиб кетмаслиги каби сиз учун жуда муҳим бўлган нарсаларга эришгунингизча, иродангиз етишмаслигини ҳис қилишингиз мумкин. Ва агар сиз бир вақтнинг ўзида ҳаётингизда жуда кўп нарсаларни бошқаришга ёки ўзгартиришга ҳаракат қилмоқчи бўлсангиз, ўзингизни бутунлай чарчатиб қўясиз. Бу муваффақиятсизлик сизнинг фазилатингиз ҳақида ҳукм чиқармайди; бу шунчаки, ирода кучининг табиатидир.
Ўз-ўзини назорат қилишнинг мушак модели
Ирода кучи чегараларини мунтазам равишда кузатган ва синаб кўрган биринчи олим Флорида штати университети психологи Рой Баумейстердир. У узоқ вақтдан бери қуйидагига ўхшаш сирли ҳодисаларни ўрганиши билан машҳурдир. Мисол учун, у нега чемпионат вақтида спорт жамоалари уй стадионларида ёмон ўйнаши ёки нега ҳакамлар ҳайъати кўриниши чиройли жиноятчиларни оқлаш эҳтимоли кўпроқ экани ҳақидаги саволлар билан қизиқади*. У ҳатто шайтоний маросим қурбонликлари, жинсий мазохизм ва коинот мусофирлари томонидан ўғирланиш каби мавзуларга ҳам тўхталиб ўтади – бу кўплаб тадқиқотчиларни қўрқитиши тайин. Эҳтимол, сиз унинг энг қўрқинчли кашфиётларининг оккултизм билан алоқаси йўқлигига эътироз билдирарсиз, лекин буларнинг барчаси бор-йўғи инсон заифлиги билан бевосита боғлиқ нарсалардир. Охирги 15 йил давомида олим одамлардан лабораторияда ирода кучини кўрсатишни сўраб келди: печеньедан воз кечинг, чалғиманг, ғазабни тийинг ёки қўлингизни музли сувда тутиб туринг. Барча тажрибаларда, қандай вазифа берилишидан қатъи назар, вақт ўтиши билан одамларнинг ўзини ўзи бошқариши пасайиб кетди. Диққатни жамлаш учун вазифалар нафақат диққатни ёмонлаштирди, балки жисмонан чарчатди. Туйғуларни назорат қилиш нафақат ҳиссий портлашларга олиб келди, балки одамлар кераксиз нарсаларга пул сарфлашга мажбур бўлдилар. Иштирокчилар жозибали ширинликларга қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилиб туришганида, улар нафақат шоколадни кўпроқ хоҳлашди, балки улар ишларини кейинга сура бошладилар. Ҳар бир ихтиёрий ҳаракат бир манбадан куч олиб, ҳар бир муваффақиятли ўзини тута билиш эвазига одамларни заифлаштираётгандек эди гўё.
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию на Литрес.
Безопасно