Танланган асарлар: Қиссалар. Чингиз Айтматов

Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Танланган асарлар: Қиссалар - Чингиз Айтматов страница 22

Жанр:
Серия:
Издательство:
Танланган асарлар: Қиссалар - Чингиз Айтматов

Скачать книгу

Нима бўлса ҳам Исмоилга овқат тайёрлаши керак. У тортилган жўхорини элакдан ўтказиб, бир сиқимини боласининг овқатига олиб қўяр, қолган ундан Исмоилга нон пиширар, йиригини кампир иккалалари гўжа қилиб ичишарди. Улар шу зайлда кундагисини кунда тежаб-тергаб сарфлаб, баҳорга чиқиб олиш ташвиши билан яшар эдилар. Шундай бўлгандан кейин товуққа дон қайда дейсиз! Саида уларни, баҳорга чиқиб боламнинг оғзига тухуми тегар, деб боқиб юрган эди, бироқ ёзгача улардан биронтаси ҳам қолмайдиганга ўхшарди. Гўшт бўлмаса, Исмоил кечалари уйга келганда Саида уларни бирин-кетин сўйиб бераверди. Қани энди иложи бўлса-ю, ундан каттароқларини сўйиб, Исмоилни бовлаб турса! Исмоилдан жонини ҳам аямасди-ку! Топган-тутганини тишига тишлаб: “Исмоил ичсин, Исмоил есин, ўзимиз бўлсак, ҳар ҳолда, уйдамиз, сув ичсак ҳам кунимиз ўтар!” деб ўйларди у. Шундай бўлса ҳам Саида Исмоилни кўрди дегунча томоғидан овқат ўтмай, юрак-бағри эзилиб кетарди.

      Исмоил шинелининг устидан мойга бўкиб кетган тўнини гуппидай кийиб олиб, оғзи-ю бошини боғлаб, тентираган мусофирдек кир босиб, бит босиб, тутун ҳидини анқитиб келарди. Кирини ювиб, йиртиқ-ямоқларини ямаб ўтирган Саида, Исмоилдан мўлтиллаган кўзларини олмай, раҳми келгандек: “Эҳ, бечорагинам, қаҳратон қишда, кимсасиз ой далада тирик жон кўрмай, ғорда ётавериб охири нима бўлар экансан? Уйда бўлганингда устингга гард ҳам юқтирмас эдим!” деб хаёлдан ўтказиб, умидсизликка бериларди. Исмоилнинг совуқдан қорайиб кетган юзлари кигиздек қотиб, қовоғи солиқ эди. Нима қилсин, қўли қисқа, бутун дунёга ўт қўйиб бўлса ҳам ўзининг эркин юриши учун ўч олган бўларди. Саида унинг кўнглини кўтариб, хафачилигини ёзмоқчи бўлгандек, атрофида парвона бўлар ва уни-буни гапириб, Исмоилнинг пинжига тиқиларди. “Эр-хотин яхши кунларда ҳам, оғир кунларда ҳам бирга бўлиши керак! – деганлар деб ўйларди Саида. – Бошга тушганни кўз кўрар, ҳаммасига бардош бераман! Исмоилим омон юрса бўлгани. Бошқа нарса керак эмас, Худо сақласин, кўзим тирик экан, ёт кишиларга сир бой бериб, ёмон хотин деган ном чиқармайман. Мана, Тўтиой! Бир ўзи муштдек-муштдек уч боласи билан эрининг ўлик-тиригидан хабарсиз, жўхори аталани қошиқлаб улашиб, у ҳам қаноат қилиб, сир сақлаб ўтирибди…”

      Ўтган куни Саида тамаки саройидан ишдан қайтиб келаётганда, орқасидан Мирзақул ҳам етиб келди:

      – Ҳой, Саида, тура тур! – деди у. Гарчи Мирзақулнинг овозидан бирон шубҳа англашилмаган бўлса ҳам, хавотирланиб, юрагини ҳовучлаб юрган Саида турли ўй-хаёлларга бориб, титраган лабларини яшириб, оғзини рўмол билан беркитиб олди. Шу маҳал Мирзақул қандайдир зарур гапи бордек Саиданинг ёнига яқинроқ келиб, эгилганича унинг кўзларига тикилиб қаради. “О, Худо, у ҳойнаҳой билиб қолганга ўхшайди!” деган мудҳиш хаёл Саидани чўчитиб юборди. “Қани, айт энди, нега анграйиб турибсан? Айт!” деб қичқириб юборишига оз қолди. Мирзақул жиддий тусда, аччиғлангандек салмоқ билан гапира бошлади.

      – Саида, сенга туғишган яқин кишимиз бўлганинг учун айтиб қўядиган гапим бор, – деди у.

Скачать книгу