Танланган асарлар: Қиссалар. Чингиз Айтматов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Танланган асарлар: Қиссалар - Чингиз Айтматов страница 18
Болалар аразлашгандек, нафасларини ичларига ютиб жим қолишди, Уларнинг кетишларини ҳам, қолишларини ҳам билмай, бирон нарса кутаётгандек ишончсиз термилиб туришларини кўриб, Қурмон оғанинг ҳам жаҳли чиқарди, ҳам ичи ачирди.
– Сиз, қароғларим, балки хатни яшириб қўйди, деб ўйлаётгандирсизлар, ишонмаётган бўлсаларинг, мана, ўзларинг ҳам кўринглар, – дегандек қўлини қўйнига солиб кўрсатади. – Мана, йўқ! Агар менинг ихтиёримда бўлса эди, сизларни бунда интизор қилиб қўймасдан, уларга кунига уч мартадан хат ёздириб турган бўлардим-ку! Иложи йўқ-да! Бугун келмаса, эртага келар, эртага бўлмаса, индин келар… Жимгина ўйнаб юраверинглар, Худо хоҳласа, келаси бозорга олиб келаман… Бу тушимга ҳам кириб чиқди, назаримда, хат келиб қолаётгандек. Қани энди ўйнанглар… Саида янгаларингга ҳам шундай деб айтиб қўйинглар, унга ҳам бозор куни хат олиб келаман.
Чол отини буриб, йўлга тушаркан, ўзича ўйлаб борди.
“Ишқилиб, қариган чоғимда бола-чақанинг кўзига шумшук кўриниб қолмасам бўлгани-да… Бундан кўра, кетмон ишига қўйганлари ҳам маъқул эди!..”
Қурмон оға хаёл аралаш, одатдагидек отининг таниш хонадонларга бурилиб кетаётганини пайқаб қолиб, тезда тизгинини буриб олди-да, қоқилиб кетган отнинг бўйнига қамчи билан савалай бошлади:
– Ана, ана бўлмаса! Ҳе, ҳаром ўлгур! Хосиятсиз мол шундай бўлади!.. Хат келса ўзимоқ чопиб бормасмидим!
Саида тўқайдан ўтин кўтариб келганда, доим унинг олдига Тўтиойнинг ўртанча ўғли – отасининг фуфайкасини шалвиратиб кийиб олган ва олд тишларини иржайтириб юрадиган Ҳасантой чиқиб турарди. Унинг ҳеч қандай борди-келди билан иши йўқ бўлиб, шумликни ҳам билмас, кишиларни ҳам ёқтирмасди.
– Саида янга, Исмоил акамдан хат йўқ, бизга ҳам келмабди! Қурмакем келаси бозорга олиб келаман деди! У туш кўрибди, – деярди у ажабтовур катта одамлардек. Соддадиллик билан айтилган бу сўзлар Саида учун қанчалик оғир туюлишини Ҳасантой билса эди!.. Саиданинг узоқ йўл босиб, не азоблар билан кўтариб келган ўтини шу чоқ яна зилдек салмоқланиб, эшик олдига беш-олти қадам қолганда у ҳолдан тойиб, деворни ушлаб, гандираклаганича ўтинни ерга ташлаб юборди-да:
– Э, Худойим, ҳеч бўлмаса ўша етимларнинг отасидан бирор яхши хабар келса-чи! – деб ўзига-ўзи гапираётгандек, бўйинларига ёпишиб қолган соч толаларини тартибга солишга ҳам ҳоли келмай, шалпайганича деворга суяниб қолди. Саида Тўтиойнинг болаларига хат келса, нима учундир ўзини ҳам тасалли топаётгандек ҳис қилиб юрди. Баъзан кечалари Ҳасантойнинг ўша айтган сўзларини эслаб, Саида қўрқувга тушарди: Ҳасантой кўпдан бери “Исмоилдан хат олиб келдингизми?” – деб Қурмондан сўраб туради. Исмоил бўлса Қурмонни кўрсанг, йўлда-чўлда, ҳар замонда хат-хабар сўраб тургин, деб Саидага уқтирарди.
Саида ҳам, Қурмонни кўрсам албатта сўрайман, деб кўнглидан ўтказиб қўярди-ю, бироқ ҳар сафар ҳам бунга юраги довламай, ўзини ўзи алдарди.
Тўтиой ҳам Саидаларнинг шундай ёнгинасида яшарди. Эл оёғи босилиб, овулга