Танланган асарлар: Қиссалар. Чингиз Айтматов

Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Танланган асарлар: Қиссалар - Чингиз Айтматов страница 14

Жанр:
Серия:
Издательство:
Танланган асарлар: Қиссалар - Чингиз Айтматов

Скачать книгу

шамол кўрпанинг паст томонидан сизилиб келиб, кишининг юзини силаб кетгандек бўларди. Бир бедана ариқнинг нариги ёғидан, ўрта ўримга келган беда орасидан шилдираб оққан сувга жўр бўлиб “питпилдиқ, питпилдиқ” деб сайрарди. Ариқ бўйидаги ялпиз ҳам атрофга хушбўй ҳид таратиб турарди…

      Саида яна ётган жойида эрининг пинжига кириб, юмшоқ қўллари билан унинг бўйнидан эркаланиб қучар эди… Улар туни билан ширин-ширин хаёл нашъасини суришар: уй-жойни қуриб битказсак, мол-ҳол қилсак, рўзғор қурсак, сўнгра Саиданинг ота-оналарини чорлаб, уларнинг хизматида бўлсак, деб орзу қилар эдилар.

      Саида турмушнинг ҳузур-ҳаловатини эндигина била бошлаган эди. Иккаласи ҳам тенгқур, билаклари айни кучга тўлган, бир-бирларига чунон ғамхўр ва меҳрибон эдилар. Ўз пешона терлари билан иморат солиб, эл қатори чироқ ёқиб, сонга қўшилган эдилар. Улар тонг отиб, кеч бўлганини ҳам билмасдилар.

      Иморат сомон сувоғидан чиқар-чиқмас уруш бошланиб қолди. Шу-шу, орадан кўп ўтмай йигитлар аскарга жўнай бошлашди. Ширин-шакар кунлар тушда кўргандек ўтди-кетди.

      Юракни ўртаб хайрлашган ўша кун худди кечагина бўлиб ўтгандек. Аскарга кетаётганларни овул четига кузатиб чиққанларида, кўпчиликдан ийманган Саида эри билан кўнгилдагидек қучоқлашиб хўшлаша олмади. Улар бир-бирига қўл беришибгина ажралишди. Қачонки, йигитлар кўздан узоқлашганларидан кейин Саида уятини бир чеккага йиғиштириб қўйиб, эрини сўнгги марта қучоқлаб, ўпиша олмай қолгани ва “бўйимда бўлганга ўхшайди” деган хушхабарни бир оғиз айта олмаганидан қаттиқ куюнди. Ўша ўкинчли армон, ушалмаган орзу, тарқалмаган хумор ўшандан бери унинг қалбини тирнаб, изтиробга соларди.

      Чироқнинг пилиги лип-лип этиб, аранг ёнмоқда. Гўдак кўкракни оғзидан чиқаргиси келмай, уйқу аралаш бир-икки тамшаниб қўярди-да, онасининг кўкрагини ийдирарди. Бешикка энкайган Саида эса ўтган кунларни хотирлаб, хаёлга чўмарди.

      Ташқарида деразани биров чертгандек бўлди. Кўзи эндигина илинган Саида бошини бирдан кўтарди-да, қулоқ солиб турди. Дераза яна эҳтиёткорлик билан секин чертилди. Саида дарҳол боласини эмчакдан чиқариб, бешикка ётқизди-ю, ёқасининг тугмаларини солиб, аста қадам ташлаб, деразага яқин келди. Эшик зимистон қоронғи, пастаккина деразадан ташқарида ҳеч нарса кўринмайди. Саида ижирғаниб, титраб кетиши билан оқ сочбоғи шилдираб, елкасига илган чопони ерга чувалиб тушди.

      – Ким у? – сесканиб сўради Саида.

      – Мен… Эшикни оч, Саида! – деб босиқ овоз билан сабрсизланиб жавоб берди ташқаридаги одам.

      – Сен кимсан? – шубҳаланиб яна сўради Саида ва деразадан ўзини четга олиб, лол бўлиб анграйиб қолди.

      – Ҳой, бу менман, Саида, оч эшикни!

      Саида деразага яна қадалиб қаради-да, бирдан бошини ушлаб, эшикка югурди. У қалтираган қўллари билан қоронғида эшик илгагини тополмай пайпасланиб, сўнгра уни шартта очиб юборди-да, овоз чиқармай рўпарасида турган кишини қучоқлаганча йиқилди.

      – Энамнинг

Скачать книгу