Танланган асарлар: Қиссалар. Чингиз Айтматов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Танланган асарлар: Қиссалар - Чингиз Айтматов страница 54
– Ташла! – деб бошқалар ҳам қичқиришди.
Дониёр бу сафар ҳам ўз билганини қилиб, чайқалиб-суриниб илгари босди..
– Йўқ, у қопни ташлайдиган эмас. Ўз айтганини қиладиган йигитга ўхшайди, – деди кимдир қўл силтаб.
Энди фақат ҳалиги одамгина эмас, балки ёнимизда турган бошқа одамлар ҳам, унинг орқасидан қоп кўтариб бораётган кишилар ҳам бунда бир сир борлигини сезишиб, Дониёр қоп билан бирга қулаб тушмагунча уни ташламаслигига ишонч ҳосил қилишди.
Ҳамма бир зум жим бўлиб қолди.
Каппоннинг орқасида паровоз зир югуриб вагонларни бир-бирига уламоқда. Дониёр юқорига юк тортиб чиқиб кетаётган отдек илгарилаб борарди. У чайқалиб йиқиладигандек бўлса, шартта тўхтаб, куч тўплар, кейин яна олдинга қараб интиларди. Дониёрнинг орқасидан келаётган одамлар ҳам ноилож у тўхтаганда тўхтаб, у юрганда юришарди. Уларнинг ҳам тинкаси қуриб, қора терга ботиб кетишганди. Бироқ улардан биттаси ҳам Дониёр билан сен-менга бормади. Улар тойғоқ йўлдан гўё бир-бирларига кўринмас ип билан боғлангандек турнақатор бўлиб жим боришарди. Борди-ю, биттаси тойиб кетгудек бўлса, бошқалар ҳам хароб бўладигандек туюларди. Уларнинг индамай қадам ташлашларида, бир хил чайқалишларида кучли ғайрат ва шижоат, ҳамкорлик сезилиб турарди: Дониёрнинг орқасидан келаётган аёлнинг оёғи чалишиб, йиқилишига сал қолдию, шунда ҳам у ўзига эмас, Дониёрга Худодан мадад сўраётгандек унга раҳмдиллик билан термилиб қаради. Мана, оз қолди. Дониёр яна бир зўр берса маррага етадигандек кўринарди. Лекин Дониёр яна гандираклаб, ярадор оёғи унга итоат қилмай қўйди. Агар у елкасидаги қопни ташлаб юбормаса, ўзининг ҳам қулаб кетиши мумкин эди.
– Югур! Орқасидан суяшиб юбор! – деб қичқирди Жамила менга. Ўзи бўлса гўё Дониёрни ушлаб қолмоқчи бўлгандек қўлларини олдинга чўзарди. Мен трапдан юқорига югурдим; қоп кўтарганлар орқасидан сиқилиб ўтиб, Дониёрга етиб олдим. У қўлтиғи остидан менга бир қараб олди. Бетидан тер қуйилиб, манглай томирлари бўртиб чиқиб, кўзига қон тўлиб кетган эди. Мен унга кўмаклашмоқчи бўлган эдим, Дониёр менга:
– Нари тур! – деди зарда билан кейин қопни бир силкиди-да, бор кучини тўплаб, яна олдинга интилди.
Дониёр қавариб, қадоқ бўлиб кетган қўлларини шалвиратиб, оқсоқланиб трапдан тушганда, пастдагилар лом-мим дейишмасдан йўл беришди. Фақат тарозибонгина ўзини тутолмай жаҳли чиқиб, Дониёрни койиб кетди:
– Нима, сени жин урдими ё эсингни едингми? Ёки мени одаммас деб ўйладингми, ахир бир оғиз айтсанг, пастга тўктирардим-ку. Бундай оғир қопни кўтарсин, деб сенга ким айтди?
– Ишинг бўлмасин, ўзим биламан, – деди Дониёр секингина, сўнгра чирт эткизиб тупурди-да, араваси томон кетди. Орқасидан Жамила:
– Ҳазилни тушунмаган тентак! – деб пичирлаб қўйди.
Шундай деди-ю, бошини ердан кўтара олмади. Дониёр буни уқдими-уқмадими, ҳарқалай, янгам икковимиз унинг юзига тик қарай олмас