Танланган асарлар: Қиссалар. Чингиз Айтматов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Танланган асарлар: Қиссалар - Чингиз Айтматов страница 57
– Отлан, қирғиз, отлан! Ёв келди! – деб саратон қуюни ичида яна қаёққадир отини елдек учириб кетди.
Ўшанда кенг далам, дарёларим, тоғларим ларзага келиб, ўз элини отга мингизди. Йигитлар жангга отланганда осмону замин титраб, ёвни маҳв этишга чорлаб бонг урилди. Минглаб узангилар бир-бирига тегиб шақирлашиб, сонсаноқсиз чавандозларнинг кўзларидан қаҳр ва ғазаб ўти чақнаб, эл билан, юрт билан хўшлашди. Уларнинг олдида қизил байроқлар ҳилпираб, орқада отларнинг туёғидан чиққан чанг орасида оналар ва жувонлар: «Кенг даламиз мададкор бўлсин! Хосиятли она Ер мадад берсин! Буюк Манаснинг руҳи ёр бўлсин!» – деб бўзлаб қолишди.
Сенга жоним фидо, эй муқаддас далам, тоғларим! Элимга шу куч-қудратни сен ўзинг бердинг.
Мана шуларнинг барисини Дониёр куйга солиб, кўз ўнгимда ёрқин гавдалантириб, сермазмун кенг оламнинг бутун зеб-зийнатини, кўркини очиб кўрсатди. «Ёпирай, буларнинг барини у қаердан ўрганди экан», – деб ҳайрон бўламан. Ўзимча, чет ерларда кўп йиллар сарсон-саргардон бўлиб, ўз эл-юртини кўриш иштиёқи билан яшаган, шу қувончли дамни интизорлик билан кутган одамгина ўз она тупроғига шунчалик меҳр қўйиши, уни шу қадар сева олиши мумкин, деган фикрга келдим. Дониёрнинг бу куйларини тинглар эканман, унинг бошпана излаб ўтказган машаққатли етимлик йилларини ҳам, қонли жанг майдонларида босиб ўтган йўлларини ҳам кўз олдимга келтирар эдим. Эҳтимол, унинг она Ватан ҳақидаги жўшқин куйлари ўшанда туғулгандир. Дониёрнинг ашулаларини тинглаб ўтириб, инсон боласи ўз она тупроғини шунчалик сева олганлиги учун ҳам тиз чўкиб, ўша тупроқни худди ўз онангдек қучоқлаб ўпгинг келади. Ана шунда, биринчи марта юрагимда қандайдир янги бир ҳис уйғониб, қалбимни ўртаб, қани энди ўша ернинг муқаддаслигини, унинг кўркини Дониёрчалик сеза билсам, сева билсам, унинг мадҳиясини Дониёрчалик тараннум қилолсам, деган бир ҳавас уйғонганлигини сездим. Ниманидир орзиқиб кутардим, лекин нималигини ўзим ҳам билмасдим. Бунга ҳам хурсанд, ҳам хуноб бўлардим. Ўшанда менда рассомлик санъатининг илк куртаклари пайдо бўлганини, келажакда ҳаётни бўёқлар, суратлар орқали тасвирлашга ҳавас уйғонаётганини билмаган эканман.
Мен болалигимдан сурат солишни яхши кўрардим, болалар ўқиш китобларидан кўчириб солган расмларимни кўришиб: «Вой, худди ўзия!» – дейишарди. Муаллимларимиз ҳам мактаб деворий газетасини менга топширишар эди. Лекин кейинчалик сурат солишни бир чеккага йиғиштириб қўйишга тўғри келди. Уруш бошланиб, акаларим армияга кетгач, мен ўқишни