Танланган асарлар: Қиссалар. Чингиз Айтматов

Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Танланган асарлар: Қиссалар - Чингиз Айтматов страница 83

Жанр:
Серия:
Издательство:
Танланган асарлар: Қиссалар - Чингиз Айтматов

Скачать книгу

ўтиргандек буғ кўтариларди. Ҳазил ишми: шатакдаги машинанинг ўзи қанчаю, устига-устак яна озмунча юки борми, яхшиямки, Бойтемир зинада турганди. Менга овоз билан орқадагига имо-ишора қилиб, ҳаракатни бошқариб борарди. Қинғир-қийшиқ, паст-баланд йўллар бўйлаб тирмашиб, ўрмалаб борарканмиз, ҳойнаҳой фалокатдан ўзини сақлаб қолиш учун сабр-тоқати чидамай, охири сакраб тушиб қолса керак, деб ўйлаган эдим. Аксинча, у қимир ҳам этмади. Тоғ тепасига қўнган бургутдек маҳкам ўрнашиб олиб, кабинага ёпишиб турарди. Унга қарадим: юзлари гўё тошдан йўнилгандек осойишта, сув томчилари бетларидан, мўйловидан сирқиб тушиб, кўнгли енгил тортаётгандек эди.

      Биз яна бир катта қияликдан ошсак, маррага етардик. Шу пайт Бойтемир деразага энгашиб:

      – Эҳтиёт бўл, олдинда машина келяпти! Ўнгроққа ол, – деди.

      Мен машинани ўнгроққа олдим. Тоғ тепасидан юк машинаси тушиб келаётган эди. Жонтойники! Энди тамом, хавфсизлик инженери роса боплайдиган бўлди: Жонтой чақиб беради. У борган сари яқинлашиб келмоқда эди. Рулга ёпишиб олган, хўмрайганча пастга томон тушиб келарди.

      Биз ёнма-ён келиб қолдик. Кабина деразалари рўбарў келганда Жонтой ўзини орқага олди ва малларанг тулки тумоқли бошини таънаомуз тебратиб қўйди. «Ҳе, иблис! Тилинг қичиган бўлса, оғзингга сиққунча гапиравер!» – деб ўйладим ичимда.

      Тепаликка ҳам чиқиб олдик, йўл пастга томон жуда қиялаб кетарди, довондаги ана шу сўнгги маррани ҳам қўлга киритсак, йўл тузатиш участка ҳовлисига буриламиз. Машинани ўша томонга бурдим. Ҳарҳолда судраб олиб келдим-ку! Моторни ўчирдим, қулоғимга ҳеч нарса кирмасди. Қулоғим битиб қолибди. Назаримда, мен эмас, балки бутун борлиқ чуқур уйқуга чўмгандек бўлди. Чурқ этган овоз йўқ, Бойтемир ерга сакраб тушгандагина қулоғим эшита бошлади. Кабинадан аранг судралиб чиқдим ва шу заҳотиёқ зинага ўтириб қолдим. Нафасим қисиларди, мадордан кетган эдим, бунинг устига довоннинг ҳавоси сийрак эди. Бойтемир югуриб келди-да, елкамга фуфайкани ташлаб, бошимга шапкани бостириб кийгизди. Нариги машинадан ранги оқариб, дами ичига тушиб кетган ҳалиги шофёр ҳам секингина оқсоқланиб келаверди. У олдимда чўққайиб ўтирди-да, сигарета узатди. Қўлларим қалтираб, сигаретани олдим. Ҳаммамиз чекиб олганимиздан сўнг ўзимизга келдик. Менда яна ўша лаънати ёввойи куч жўш уриб кетди.

      – Ҳей, қалай! – дедим мен. – Кўрдингми!

      Шофёрнинг елкасига бир туширгандим, у ўтириб қолди. Сўнг учовимиз ҳам ўрнимиздан сакраб турдик-да, бир-биримизнинг орқамизга, елкамизга тушира кетдик. Ўзимиз эса қаҳқаҳлаб кулиб, алланималар деб қувонч билан қичқириб, бақиришиб тўполон кўтардик… Ниҳоят тинчланиб, яна чека бошладик. Мен кийимларимни кийиб, соатимга қарадиму кетишим кераклиги «лоп» этиб эсимга тушиб қолди.

      – Хўп, мен борайин! – дедим.

      Бойтемирнинг қовоғи осилди:

      – Йўқ, уйга кирамиз, меҳмонимиз бўласан! – деди.

      Менинг эса бирон дақиқа ҳам вақтим йўқ эди.

      – Раҳмат! – деб миннатдорчилик билдирдим.

Скачать книгу