Танланган асарлар: Қиссалар. Чингиз Айтматов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Танланган асарлар: Қиссалар - Чингиз Айтматов страница 85
Автобазамиз машиналаридан талайгинаси шу ерда экан. Бироқ ҳали уларнинг биронтаси ҳам юк ортмай турарди. Ҳамма шофёрлар ниманидир кутишаётгандек эди. Улар кабиналарда, машина зиналарида ўтиришарди. Баъзилар шамолдан паналаниб, яшикларга суяниб олишганди. Мен улар билан саломлашдим. Бирон кимса менга эътибор ҳам бермади. Папиросларини тутатишиб, сукут сақлаб туришарди. Четроқда ўтирган Алибекни кўриб қолдим. Унинг олдига бордим.
– Салом, Алибек!
– Салом!
– Нима қиляпсизлар? Телеграмма олибсизларми?
– Ҳа. Заводни муддатидан илгари ишга туширишмоқчи.
– Хўш, нима бўпти?
– Энди гап бизда қолди.
– Ростданми?
– Кўряпсанми, бутун йўл ёқалари юкка тўлиб кетибди. Ҳали яна келади. Буларни қачон ташиб улгурамиз? Бу ҳақда ўйлаяпсанми? Одамлар бизга ишониб, у ёқда кутишмоқда!.. Уларга ҳар бир кун ғанимат.
– Сен буларни нега менга гапиряпсан? Менинг бу ишларга нима дахлим бор?
– Нима дахлим бор?! Бу нима деганинг, ё бошқа мамлакатдан келганмисан? Ёки бизга нақадар муҳим иш топширилганини тушунмайсанми?
– Азбаройи худо, ақлдан озибсан! – деб ажабланиб, ўзимни четга олдим.
Шу пайт яшиклар орқасидан овозлар эшитилиб қолди. Автобазамиз бошлиғи Омонжўлов кўринди. У камзулининг этаги билан шамолни тўсиб, пана қилиб папирос тутатди-да, сўнгра индамай ҳаммамизга бирбир назар ташлаб чиқди.
– Гап мана бундай, ўртоқлар, – деди у, – министрликка телефон қилиб кўраман, балки ёрдам беришар. Аммо бунга орқа қилиш керак эмас. Нима қилиш кераклигини ҳозирча ўзим ҳам билмай турибман.
– Буни уддалаш қийин, ўртоқ Омонжўлов! – деди кимдир. – Юклар жуда оғир, қўпол, ортишга ҳам, жойлаштиришга ҳам ноқулай. Кузовга икки учтадан ортиғи сиғмайди. Мабодо кечаю кундуз ишлаганимизда ҳам, Худога шукур, кўкламгача етадиган иш бор.
– Ҳамма гап шунда-да, – деди Омонжўлов. – Аммо иложини топишимиз керак. Хўп, ҳозирча уй-уйимизга тарқалайлик. Сизлар ҳам ўзларингизча ўйлаб кўринг!
У «Газик»ка ўтириб жўнаб кетди. Шофёрлардан биронтаси ҳам жойидан қўзғалмади. Улар негадир шошилмасдилар. Қоронғи бурчакда ўтирган аллақандай киши, ҳеч кимга мурожаат қилмай, ўзича дўриллаб гапирди:
– Бўлмағур иш! Икки оёқни бир этикка тиқиб бўлмайди! Бу ҳақда илгарироқ ўйлаш керак эди! – деб ўрнидан туриб, папирос қолдиғини ўчирди-да, машинаси томон кетди.
Уни бошқа шофёр қувватлади:
– Бизда доим шу аҳвол, иш қисталанг келдими, бўлди, қутқаринглар, жон оғайнилар, деб дарҳол шофёрларга осилишгани-осилишган.
Одамлар унга ўшқириб беришди:
– Бу халқаро иш-ку, Исмоил, сен бўлсанг бозорчи шаллақи хотинларга ўхшаб вайсаяпсан-а!
Мен