Танланган асарлар: Қиссалар. Чингиз Айтматов

Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Танланган асарлар: Қиссалар - Чингиз Айтматов страница 89

Жанр:
Серия:
Издательство:
Танланган асарлар: Қиссалар - Чингиз Айтматов

Скачать книгу

ўтавердим. Ниҳоят, тепаликка ҳам чиқиб олдим. Энди тик қиямалик, йўл тузатувчилар участкасига бурилиб кетадиган муюлишга қадар бир текис нишаблик, ундан кейин эса довонга сўнгги ҳужум бошланди. Бир амаллаб пастга тушиб олдим ва тўрт километрча чўзилиб ётган тўғри йўлдан машинани елдек учириб бориб, юқорига кўтарила бошладим. Мана, у олға интилиб тобора юқорилашиб бормоқда… Аммо бояги тезлаб келаётгани кўпга бормади, тезлик борган сари пасая борди. Моторни иккинчи, сўнгра биринчи тезликка қўйиб ҳайдадим. Рулни маҳкам ушлаганча, ўзимни орқага ташладим. Булут парчалари орасидан юлдузлар мўралашиб қарашарди. Машина жойидан қимир этмас ва у ёғига тортолмасди. Ғилдираклар бир ерда ғириллаб айланиб, четга суриларди, мен акселераторни жон жаҳдим билан босдим.

      – Қани, яна! Яна озгина! Қимтиб юбор! – деб қичқириб юбордим.

      Чўзиб-чўзиб инграётган мотор титраб-қалтираб дириллай бошлади-да, бирданига ўчди қолди. Машина секингина орқага кета бошлади. Жонҳолатда тормоз бердим, тўхтамади. Прицепнинг оғирлиги билан борган сари тезроқ сирғалиб, пастга томон ғилдираб тушаверди, ниҳоят, машина қояга урилиб, таққа тўхтади. Ҳаммаёқ жимжит бўлиб қолди. Кабина эшигини очиб, ташқарига қарадим. Худди ўйлаганимдек! Падарига лаънат! Прицеп йўл ёқасидаги ариққа тушиб кетган эди. Энди уни ҳеч қандай куч билан чиқариб бўлмасди. Ўзимни йўқотиб, довдираганимча, яна моторни юргиздим, зўр бериб машинани олдинга қараб ҳайдай бошладим. Ғилдираклар ўз ўрнидан қўзғалмай ғириллаб айланарди. Машина бор кучи билан илгарига қараб интилди, бутун танаси дириллаб кетди-ю, аммо жойидан силжимади. Мен машинадан сакраб тушдимда, прицепга томон чопиб бордим. Унинг ғилдираклари ариққа чуқур ботиб кетган эди. Нима қилиш керак? Бошим қотиб қолган эди, ғазаб билан прицепга отилдим, унинг ғилдирагини қўлларим ва бутун гавдам билан итара бошладим. Сўнгра кузовнинг остига кириб бошим сирқираб оғриб кетгунича йиртқич ҳайвон сингари бўкириб, прицепни елкам билан йўлга суриб чиқаришга уриниб кўрдим, аммо қаёқда дейсиз! Ҳолдан тойиб, йўлга юзтубан йиқилдим ва қор аралаш лойни қучоқлаб аламимдан йиғлаб юбордим. Кейин ўрнимдан турдимда, гандираклаганимча машина зинасига келиб ўтирдим.

      Йироқдан моторнинг гувиллаган овози эшитилди. Икки чироқча баландликдан пастдаги текис йўлга ёғду сочиб тушаётган эди. Бу шофёрнинг кимлигини ва ярим тунда тақдир уни қаёққа ва нима учун ҳайдаётганини билмасдим, аммо бу чироқлар гўё мени қувлаб етиб, ушлаб оладигандек сесканиб кетдим. Қароқчи сингари прицеп илгагига қараб югурдим, уни машина билан улаб турган металл ўқни суғуриб олиб, четга улоқтирдим ва кабинага ирғиб чиқиб, прицепни ариқда қолдирганимча, машинани юқорига қараб елдек учириб кетдим.

      Қандайдир тушуниб бўлмайдиган даҳшатли қўрқув таъқиб этарди мени. Орқамдан келаётган машина назаримда худди изма-из қувиб етиб келаётгандек туюларди. Машинани шунчалик тез ҳайдардимки, азбаройи йўлни ёд билганимдан бирон ерга уриб ҳам олмадим.

Скачать книгу