Танланган асарлар: Қиссалар. Чингиз Айтматов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Танланган асарлар: Қиссалар - Чингиз Айтматов страница 91
– Бормайман! Менсиз ўзлари ҳал қилишаверсин. Пушаймон қилмайман…
Мен хонадан чиқдим. Бошимни қуйи солганимча, коридордан аранг чиқиб кетдим. Кимдир менга пешвоз келарди. Мен унга йўл бериб, ўзимни четга олдим. Бу Алибек эди. У мойга беланган қўлларини ҳам артмай гараждан келаётган экан. Мен унинг ёнбошидан ўтиб кетмоқчи эдим, аммо Алибек йўлимни тўсди.
– Йўқ, шошма! – деб мени бурчакка қисди. Кўзларимга тикилиб, ғазаб билан шивирлади: – Хўш, ишлар қалай, азамат? Исботладингми? Итфеъллигингни кўрсатдинг!
– Ишимиз жўнашиб кетсин девдим-да, – деб пўнғилладим мен.
– Ёлғон!
– Нима ёлғон?
– Ёлғиз ўзинг шуҳрат қозонмоқчи бўлдинг! Ўзинг учун тиришдинг! Бироқ муҳим ишни барбод қилдинг. Мана энди, шулардан кейин ҳам прицеп билан юриш мумкинлигини исботлаб кўр-чи! Аҳмоқ! Шуҳратпараст!
Эҳтимол, бу сўзлар менинг ўрнимда бошқа одам бўлганида ақлини йиғиб олишга мажбур этармиди, аммо менга энди барибир эди: ўз фикримни ҳали ҳам исботлаб, мақсадга эришишим мумкинми, йўқми, бунга бефарқ қарардим. Агар мен шу пайтгача ўзимча ич-этимни еб юрган бўлсам, энди шу дақиқадан бошлаб кишиларнинг аччиқ тазйиқларини ва менга нафрат билан қарашларини бутун вужудим билан ҳис қила бошладим. Мен гўё уларнинг кўзига ўзимнинг шон-шуҳратимни орттиришга уринувчи шуҳратпараст бир кимса бўлиб кўринаётган эдим. Ҳақиқатда эса бу мутлақо шундай эмасди. Аммо факт фактлигича қолади.
– Четроқ тур! – деб нарига итардим Алибекни. – Сенсиз ҳам юрагим сиқилиб турибди!
Эшикка чиқдим. Совуқ, изғирин шамол ҳовли саҳнидаги қорни учириб ўйнарди. Одамлар мен томонга кўз қирини ташлашиб, ёнимдан жимгина ўтиб кетишарди. Нима қилиш керак? Маҳкам тугилган муштларимни чўнтагимга тиқиб, дарвоза томон юрдим. Музлаб қолган кўлмакчалар оёқ остида ойна сингари чирсиллаб синарди. Оёғимга тавот мойидан бўшаган банкача тўғри келиб қолди. Жоним борича уни дарвозадан кўча томон тепиб юбордим-да, ўзим ҳам ортидан боравердим.
Кун бўйи шаҳарча кўчалари бўйлаб дайдиб юрдим, кимсасиз ҳувиллаб ётган пристанда тентирадим. Иссиқкўлда пўртана қутуриб, қирғоққа боғлаб қўйилган баржалар сув бетида чайқалиб қалқиб ётарди.
Бир маҳал қарасам, сув транспорти бошқармасининг чойхонасига келиб қолибман. Ёлғиз ўзим дераза ёнига бориб ўтирдим. Олдимда – стол устида оғзи очилган бир шиша ароқ билан тарелкада қандайдир газак турарди. Биринчи стаканни ичишим биланоқ кайфим тарақ бўлиб, оёғим остига анқов кишилардек термилиб ўтирардим. Менинг кўнглим ҳам зангори тутунга чўмиб, маст-аластларнинг пала-партиш гапларига тўлган шу чойхона сингари хира ва ғаш эди.
– Нега ғамгин кўринасан, йигит? – бехосдан бошим узра кимнингдир ёқимли ва хиёл истеҳзоли овози эшитилди. Бошимни аранг кўтардим. Ёнимда Хадича турарди.
– Ҳа, бир ўзинг ича олмаяпсанми? – деб илжайиб ёнимга ўтирди у.