Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ). Тохир Хабилов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ) - Тохир Хабилов страница 20
Бизда спорт ишларига тобора кўп эътибор бериляпти. Спортчиларимиз жаҳонда ўзларини кўрсатишяпти. Оммавий спорт эса бу соҳада озгина орқада эканини ҳам тан олайлик. Ҳар маҳаллада спорт майдони бўлиши керак, деган талаб бор. Талаб яхши. Аммо маҳаллада бўш жой йўқ-ку? Кўп қаватли уйлар шу даражада зич қурилганки, озгина бўш жой ҳам гаражлар билан банд. Ҳокимиятларга келган маълумотларга қараганда, бу талаб ҳамма ерда бажарилган. Бу маълумотларни кўриб ажабланасиз: спорт майдончаси томлар устидамикин? Тўғри, кўп жойларда сунъий қопламали гўзал майдончалар қуриляпти. Лекин афсуски, бу майдончаларга қадам босиб кириш учун пул тўлаш керак. Болага ота-онаси икки марта пул берар, тўрт-беш марта берар, охири “йиғиштир спортингни!” демайдими? Барча спорт майдончаларини болалар учун текин қилиш баробарида, стадионларни ҳам улар учун очиб бериш керак. Болалар бу жойларда ҳам спорт билан бепул шуғулланиш имконига эга бўлсин.
Спорт тўгаракларидаги рўйхатларда милиция назоратида турадиганларни кам учратдим. Қамоқдан чиқиб келган ўсмирни ҳеч бир тренер қабул қилмайди. Биронта шогирди жиноят билан қўлга тушса, “мен айбдор эмасман”, деб ўзини оқлайди. Мактаб эса “бу бола спортга қатнашиб, бузилиб кетди”, деб ҳукм чиқариб қўя қолади. Мен суҳбатлашган муаллимларнинг кўпи спорт билан шуғулланиш боланинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатишини айтди. Айни чоқда ўқувчилари қайси спорт тури билан шуғулланаётганига қизиқмасликларини ҳам тан олишди. Муаллимларнинг гапларида озгина ҳақиқат бор: спорт билан шуғулланувчи ўқувчи мактабда ўзини бошқача тута бошлайди. Ўқишга қизиқиши сусаяди. Илм олиш зарурати ҳақидаги гапларни эшитгиси ҳам келмайди. Чунки яхши спортчи бўлгани учун илми бўлмаса ҳам олий ўқув юртига осонгина кира олишини билади. Олий ўқув юртида ўқимай туриб диплом олишига ҳам ишонади. Шундай экан, муаллимларининг гапи қулоғига кирармиди? Бундай бола айниқса мусобақаларда ғалаба қозона бошлагач, такаббурликни касб қилади. Синфда, ҳатто мактабда “зўр”ликни – “лидер”ликни талаб қила бошлайди. Уни камтарлик кўчасига қайтариш мактаб учун ғоят машаққат бўлиб қолади.
Собиқ иттифоқ даврида бу соҳага доир шиорлар ҳам кўп эди, болалар билан шуғулланадиган ташкилотлар ҳам анчагина эди. Аммо самара йўқ эди. Аввал зикр этганимдек, кўп ишлар қоғозда бажариларди. Энди давр ўзгарди, жамият ўзгарди. Мафкура ўзгарди. Ҳаммаси яхши. Аммо болалар спортига доир масалада ҳали бош қотирадиган ўринлар мавжуд. Эскисини рад этиб, янгисини тавсия этолмаяпмиз. Тошкент