Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ). Тохир Хабилов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ) - Тохир Хабилов страница 93
“Унинг сўзлари… қисқа-қисқа, шиддатли… сўзларида ҳам товушида ҳам қандайдир ғоят яхши бир оҳанг бор. У инсон разиллиги, ҳақиқатни бўғувчи жабр-зулм, яна вақти келиб ер юзида бўладиган гўзал ҳаёт ва ҳар дақиқа золимларнинг аҳмоқлиги ва бераҳмлигини унинг ёдига солиб турган деразалардаги темир панжаралар ҳақида сўзлайди…
…Унда одамга аралашиш майли зўр бўлса-да, ўзининг тезлиги ва бадгумонлиги туфайли ҳеч ким билан ошна бўлолмас, дўсти ҳам йўқ эди. Шаҳар халқи ҳақида таҳқир билан сўзлаб, уларнинг қўпол, нодонлиги ва ғафлат босиб, ҳайвонларча яшаши менга қабиҳ ва жирканч туюлади, деярди. У билан нима ҳақда сўзлашманг, гапни шу томонга айлантирарди: шаҳар дим, киши зерикади, жамиятда юксак мақсад йўқ, ҳаётни жабр-зулм, фаҳш, олчоқлик билан турли шаклга киргизиб бемаъни кун кечиради, муттаҳамларнинг эгни бутун, қорни тўқ, виждонли одамлар очин-тўқин яшайди; жамиятга мактаб, тўғри йўлга бошловчи маҳаллий газета, театр, оммавий китобхонлик, илмий кучларнинг бир ўринга тўпланишлари зарур; жамиятнинг онги шунчалик оширилмоғи керакки, ўз нуқсини кўриб, кайфи учиб кетсин, деярди. У одамлар ҳақида фикр юритганда қуюқ бўёқларни беради, бошқа рангларни инкор қилиб, фақат оқ билан қорадан фойдаланади; унинг фикрича, инсоният муттаҳамларга ва тўғри одамларга бўлинади; ўрта хили бўлмайди. Хотин-қизлар ва муҳаббат ҳақида доим эҳтирос ва завқ билан сўзлайди-ку, аммо ўзи бирон марта ошиқ бўлмаган…”
Бу сатрларни эслаб мен Асқар Қосим билан Иван Громовнинг тақдирини, дунёқарашларини таққослаш ниятида эмас эдим. Зинҳор! Мени замонлар ўзгаргани билан муаммолар сал ўзгача кўринишда яшаётгани ўйлантирарди, холос.
Опалар ичкаридан яхши кайфиятда чиқишди.
– Кўриниши ҳам, гаплари ҳам бип-бинойи, қайси виждонсиз бу ерга ётқизиб қўйибди? – дедилар Ҳикоят опа.
– Ташхис қўйишибдими? – деб сўрадим.
– Шезофриния эмиш, нима балолигини тушунмадим.
– Шезофриния – руҳнинг парчаланиши дегани. Ташхислари нотўғри, Асқарнинг руҳи соғлом, парчаланмаган…
“Шу ерда парчаланмаса эди”, деган фикр хаёлимни ёритиб, яна “6-палата”ни эсладим-у, этим жимирлашиб кетди.
Асқар Қосимни йўқлаб кириб кетган ҳамкасб опаларни кутиб ўтирган чоғимда мен “Шайтанат”ни ёзарман, унда шоирнинг дардларини Анвар исмли тарихчи олим зиммасига юкларман, деб ўйламаган ҳам эдим. Бу ишга орадан уч-тўрт йил ўтгач киришдим. Анварнинг ҳолатини тасвирлаш чоғида кўз олдимда Асқар Қосим турди. Фақат унинг ўзигагина хос гапларни, ҳазилларни бир-бир эслаб, қоғозга туширдим. Ҳатто бошига бало ёғдирган ўша икки сатрни ҳам сал ўзгартирган ҳолда Анвар