Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ). Тохир Хабилов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ) - Тохир Хабилов страница 89
Хушахлоқ, маънавиятнинг комиллигига эришмоқни мақсад қилган кишининг қалби озод бўлмоғи шарт. Кимлардандир ранжийверадиган, нималардандир қўрқаверадиган, ҳиссиётга берилаверадиган одамнинг қалби озод бўлолмайди. Кимки ўзини қўлга ололмаса, фикрларини фойдали нуқтага қаратолмаса, беҳуда нарсалар билан овора бўлса, кўриниб турган нарсани кўра олмайди, эшитилиб турган ҳақиқатни эшитолмайди. Оқибатда оқу қорани ҳам ажратиш фазилатидан маҳрум бўлади. Асқарда бундай камчиликларнинг учқунлари сезилиб қоларди. У ҳиссиётга бериларди, кимлардандир ранжирди, аммо ҳеч кимдан, ҳеч нарсадан қўрқмасди. Ҳиссиётга берилиш оқибат уни дорга етаклади, агар юрагидаги дадиллик бўлмаганида бу дорга ўша кунлариёқ йўлиқиши мумкин эди. Бундай ҳолатлар ҳарбий қисмда учраб турарди. Ҳам жисмоний, ҳам руҳий азобларга чидай олмаган йигитларнинг айримлари жонига қасд қиларди. Шулардан бирига ўзим гувоҳ бўлганман. Липецкдан келган йигит икки ҳафтадаёқ жонидан тўйиб ўзини осибди. Эрталаб ошхонага кетаётсам пастак дарахтда осилиб турибди. Нодон йигит пайтаваларидан сиртмоқ ясабди. Яна бошқаси бу азоблардан қутулиш мақсадида кечаси поезд йўлига чиқиб кафтини ғилдирак остига қўйибди. Оқибатда қўлдан айрилди ва бу жинояти учун қамалди.
Асқарни ҳарбий қисмдаги ҳолат кўпам қийнамасди, бу борада иродаси мақкам эди. Уни Чўлпон ва Усмон Носирлардан мерос бўлиб ўтган миллат дарди қийноққа соларди.
Уни руҳий тушкунликдан қутқариш учун: “Пешин бўлиб қолибди, юринг, ошхонага бориб келамиз”, – дедим.
– Бир кун гречкасини емасак нима қилади? Миртўла ҳали чўчқахонага кетаётган эди, балки чўчқа сўйишгандир.
– Чўчқани фақат байрамда сўйишади. Гречка егингиз келмаётган бўлса, шу ерда меҳмон қиламан.
Шундай деб стол устига нон, бўктирилган гўшт, пишлоқ, колбаса ҳатто шоколад олиб қўйдим.
– Маишат зўр-ку! Қаердан келди бу неъматлар?
Ҳазил оҳангида “Узумини енг-у, боғини суриштирманг”, дедим-у саволига жавоб бердим: ошхона билан казармамиз орасида қўшни ҳарбий қисмнинг озиқ-овқат омборхонаси бор эди. Бир куни келаётсам эшик олдида турган сержант чақирди. Бордим.
– Сен сураткаш экансан, уйга анчадан бери сурат юборганим йўқ, эплаштириб берсанг-чи, – деди.
– Юр, фотолабораторияга, – дедим.
– Аппаратингни олиб келиб, шу ерда ола қол, – деди.
Илтимосини ерда қолдирмадим. Омборхонага олиб кирди. Стол устига дастурхон тузаб қўйган экан. Қорним тўқ эди. Бир бурда нон билан чекландим. Қолган нарсаларни ўраб берди-да, “нима керак бўлса, тортинмай айтавер”, деди. “Ҳинд чойи борми?” деб сўрадим. У ажабланиб қаради-да, “Нима бало, чефирмисан?” – деди. “Чефир” сўзини биринчи марта эшитаётган эдим, тушунмадим. Бир чойнакка бир қутича қуруқ чой солиб дамлаш “чефир” дейилишини, жиноят оламининг суюкли ичимлиги эканини ўшанда эшитган эдим. Омборчининг суратларини ишлаб берганимдан сўнг у билан дўстлашиб қолдик. Бошқача айтсам, у менинг таъминотчимга айланди.
Асқар билан тушлик қилиб олгач, мен ошхонага отландим. Тўғрироғи,