Ҳаёт қайиғи (2 китоб). Тохир Хабилов

Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Ҳаёт қайиғи (2 китоб) - Тохир Хабилов страница 33

Жанр:
Серия:
Издательство:
Ҳаёт қайиғи (2 китоб) - Тохир Хабилов

Скачать книгу

Казаков, Ўзбекистонда генерел-лейтенант Норхўжаев эди. Ўйин низомлари эълон қилинган, жойларда тайёргарлик ишлари бошланиб кетган эди. 1967 йил февраль ойининг охирларида Фарғонанинг Бешариқ шаҳарчасидан ўйинга тайёр эканликлари ҳақида хабар келди. Барча шароитга эга бўлган шаҳардагилар “ўйлаб ўйларига етмай” туриб, узоқ шаҳарчадагилар “тўйларига етиб” олишибди. Муҳарриримиз Суроб ака, “Бориб ўйинни ўтказиб келинг”, деб топшириқ бердилар. “Чарм тўпда”ги савол-жавоб такрорланди. Биринчи ўйин қандай ўтказилишини ҳеч ким билмасди. Мен дастлабки ижодий сафаримга тайёрландим. Биринчи марта самолётда учдим. Қўрққаним йўқ-ку, аммо қулоғим шанғиллаб беҳузур қилди. Қўқон аэропортида шаҳарга қандай боришни сўрай десам, ўзимнинг гапимни ўзим ҳам эшитмайман. Сўраб-сўраб, автобекатга бордим. Тиқин автобусда Бешариққа етдим. Таклифномада кўрсатилган 1-мактабни осонгина топдим. Очиқ юзли киши кутиб олиб, ўзларини “мактаб директори Абдужалил Тошпўлатов” деб таништирдилар. Сўнг мактаб пионерларининг Бош етакчисини чақиртириб “Муҳаммаджон Холиқов яқинда ҳарбийдан қайтдилар, болаларнинг ўйинига ўзлари бош бўладилар”, дедилар. Ишни болалар билан танишишдан бошладим. Ўйин иштирокчиларига ҳарбийлашган махсус кийим тиктиришган экан. Мен у дамда ҳарбийда хизмат қилмаган эдим. Лекин мактабда ўқиганимизда ҳарбий дарс бўларди. Ҳарбий тартиб ва қоидаларни ўшанда ўрганиб эдим. Дадажонимнинг ҳарбийга доир суҳбатлари ҳам ёдимда эди. Ўйин тартибига кўра, биринчи шарт сафда шахдам қадам босиб юриш эди. У дамларда мактабларда алоҳида жиҳозланган ҳарбий синф мавжуд бўлиб, ҳақиқий автоматлар ҳам сақланарди. Саф машқида болаларга автоматлар ҳам берилди. Машқ учун спорт майдончаси торлик қилиб, болаларни кўчага олиб чиқдик. Ҳамма машмаша шундан кейин бошланди. Саф машқини тугатиб, Муҳаммаджон ака билан эртага бўладиган дала “жанги” режасини маслаҳат қилиб ўтирганимизда директорни шошқич равишда райкомга чақиришди. Мактаб билан райком ораси уч юз қадам чамаси келарди. Орадан йигирма дақиқача вақт ўтгач, мени ҳам чақиртиришди. “Тез бормасангиз бўлмайди, райком бува директоримизни ишдан ҳайдайдиганга ўхшайди”, дейишди. Қандай воқеа юз берганини райкомга борганда билдим. Ҳарбийча кийиниб, автомат ушлаган мактаб ўқувчиларини кўрган аҳолида “уруш бошланиб қолганга ўхшайди”, деган ваҳима тарқалиб, бу миш-миш ўша заҳоти райком биринчи котибига етиб келибди. Саркотиб туман ҳарбий комиссарини чақиртириб сўраса, у “ҳеч нима билмайман”, дебди. Сўнг директорни чақиртириб уни сиқувга олишибди. Абдужалил ака бу бутуниттифоқ ўйини эканини, Тошкентдан махсус мухбир келганини айтганларидан сўнг мени чақиртиришибди. Саркотиб менинг саломимга жавобан “Бу яна қандақа ўзбошимчалик?!” деган таҳдидли савол билан “алик” олди. Мен осойишталик билан гап бошлаб, унга “Зарница” низоми чоп этилган “Пионерская правда” ва “Ленин учқуни” газеталарини узатдим. У диққат билан ўқиб чиқиб, ҳарбий комиссарга узатди. Кейин икковлари бир-бирларига савол назари билан қараб қолишди. Саркотибнинг топшириғи билан эртага белгиланган ўйинни ҳарбий комиссар бошқарадиган бўлди. Жойни ҳам ўзи танлади:

Скачать книгу