АСАРЛАР (III жилд). Сирожиддин Саййид
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу АСАРЛАР (III жилд) - Сирожиддин Саййид страница 23
Сиёҳдони билан келган.
СОМОН ЙЎЛИ СОМОНЛАРИ
Акам Шарафиддинга
Бизлар сомон ташир эдик Сомон йўлидан –
Адирларга тегиб турган осмон йўлидан.
Ой нурида ярқирарди буғдойпоялар,
Ойдин тунлар, сувлар ойдин, ойдин соялар.
Бизлар билан туғишгандай – беғам, беармон,
Даштлар ярми заъфар эди, ярми – нафармон.
Гўё кенжа укамиздай бардам, безавол,
Бизлар билан сомон ташиб юрарди шамол.
Гарчи буғдой бошоғидан ёшроқлар эдик,
Буғдойзорлар аро биз ҳам бошоқлар эдик.
Қирлар узра тупроқ кечиб, кезиб дашту сой,
Бизлар билан сомон ташиб юрар эди ой.
Адирларга тегар эди осмонларимиз,
Тўкилдилар, сочилдилар сомонларимиз.
Хирмонжойда чарх урарди бир бутун олам,
Айланардик қўш ҳўкизу биз яна отам.
Айланарди ҳўкизларни юргизиб гаврон,
Вақту замон айланарди, айланди даврон.
Болалигим, буғдойларинг қайда, ҳо, қайда?
Юлдузлардан садо келар: “Майда, ҳо, майда…”
Бизнинг сомон, донимизни янчиб беомон,
Чархи даввор айланди гир, замин ҳам осмон.
Ғам ҳўкизи тунлар менинг бағрим майдалар,
Болалигим қайда қолди? Отам қайдалар?
Ҳали ҳаёт полизидан узмай ҳандалак,
Бизнинг гулдай кенжамизни не қилдинг, фалак?
Бир дон бердинг, аммо қайтиб бунча совурдинг,
Бир жон бериб, не ўтларга сўнгра қовурдинг?
Юлдузлардан садо келар: “Майда, ҳо, майда… ”
Чархи фалак, меҳрларинг қайда, ҳо, қайда?
Не учун сен хас-хашакни танлаб ва сайлаб,
Бошларингга кўтаргайсан муҳтарам айлаб?
Бизлар сори бунчалар ҳам бераҳм бординг,
Нечун бизнинг донимизни ерларга қординг?
ДЎМБИРАДА АЙТИЛГАН
Шоберди бахшига
Ўтар дунё – биз меҳмон,
Ҳар гиёҳдан тердик дон.
Биринг тансан, биринг – жон,
Баринг бўлгин қадрдон.
Ўтар дунё – биз меҳмон,
Ҳар гиёҳдан тердик дон.
Элинг омон бўлганда,
Юртинг ҳам бўлар қўрғон.
ШОИР ВА ШОФИР
Менга шоир керак эмас –
Шоирим ҳам ўзимман.
Менга шофир керак эмас –
Шофирим ҳам ўзимман.
Шоири йўқ шофирларнинг
Шоири ҳам мен ўзим.
Шофири йўқ шоирларнинг
Шофири ҳам мен ўзим.
ХИЗМАТ ҲУДУДИДАН ТАШҚАРИДА
Ўтди майсалик ҳам, ўтди лолалик,
Не хатлар умрнинг нақшларидадир?
Йилларга сим қоқсам – олис болалик,
Хизмат ҳудудидан ташқаридадир.
Қолмиш адирларда гўзал чоғларим,
Не ранглар далаю даштларидадир?
Энди қўзиларим, қўзичоқларим
Хизмат ҳудудидан ташқаридадир.
Кўклам