СИЁСАТШУНОСЛИК. Муқимжон Қирғизбоев
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу СИЁСАТШУНОСЛИК - Муқимжон Қирғизбоев страница 18
Амир Темур ўз тузукларида илгари сурган қудратли давлат қуриш, миллатни бирлаштириш ва халқ фаровонлигини таъминлаб бориш учун ўзининг давлат қуришга доир тамойилларини ишлаб чиқиб, уларни ҳаётда амалга ошира олган буюк зот эди. Фикримизнинг далили сифатида “Темур тузукларида”ги бу тамойилларнинг баъзиларини келтириб ўтамиз.
–салтанатим ишларини муросаю мадора, мурувват ва сабр-тоқат билан юргиздим. Кўп нарсани билиб турсам ҳам ўзимни билмасликка олардим. Дўсту душман билан муросаю мадора қилдим;
–давлат ишларини салтанат қонун-қоидаларига асосланган ҳолда бошқардим. Тўра ва тузукка таяниб, салтанатда ўз мартаба ва мақомимни мустаҳкам сақлаб турдим. Амирлар, вазирлар, сипоҳ, раият ҳар бири ўз лавозим ва мартабасидан мамнун ҳолда хизматимда бўлиб, ундан ортиғига даъвогарлик қила олмади37 ;
–адолат ва инсоф билан тангрининг яратган бандаларини ўзимдан рози қилдим. Гуноҳкорга ҳам, бегуноҳга ҳам раҳм қилиб, ҳаққоният юзасидан ҳукм чиқардим. Хайр-эҳсон ишларим билан одамлар кўнглидан жой олдим. …Золимлардан мазлумлар ҳаққини олдим. Золимлар етказган ашёвий ва жисмоний зарарларни исботлаганимдан кейин уларни шариатга мувофиқ одамлар ўртасида муҳокама қилдим ва бир гуноҳкорнинг ўрнига бошқасига жабр-зулм ўтказмадим. Менга ёмонликлар қилиб, бошим узра шамшир кўтариб, ишимга кўп зиён етказганларни ҳам илтижо билан тавба-тазарру қилиб келгач, ҳурматлаб ёмон қилмишларини хотирамдан ўчирдим. Мартабаларини оширдим;
–раият аҳволидан огоҳ бўлдим, улуғларини оға қаторида, кичикларини фарзанд ўрнида кўрдим. Ҳар ернинг табиати, ҳар эл ва шаҳарнинг расму одатлари, мизожидан воқиф бўлиб турдим. …Ҳар бир диёр аҳолисининг аҳволидан огоҳ бўлиб турдим. Ҳар бир мамлакатнинг аҳволини, сипоҳу раият кайфиятини, туриш-турмушларини, қилиш-қилмишларини, булар ўрталаридаги алоқаларни ёзиб, менга билдириб туриши учун диёнатли, тўғри қаламли кишилардан воқеанавислар (ахборнавис-хабарчилар) белгиладим;38
–яна тажрибамда кўриб билдимки, давлат агар дину ойин (қоида) асосида қурилмас экан, тўра-тузукка боғланмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва тартиби йўқолади. Бундай салтанат яланғоч одамга ўхшарким, уни кўрган ҳар кимса назарини олиб қочади”39 .
Кўриниб турибдики, Амир Темур ўз давридан анча илгарилаб кетган ҳолда сиёсий бошқарув, сиёсий тизим ва давлатчиликка доир сиёсий қарашларни ривожлантиришга катта ҳисса қўшди. Шунингдек, у ўзининг сиёсий қарашларини мустаҳкам ва марказлашган давлат қуриш тажрибаси билан уйғунлаштирган ҳолда ўрта асрларда бутун бир дунё давлатларига намуна бўла оладиган ўз меросини қолдирди.
Ҳиротда яшаган машҳур