СИЁСАТШУНОСЛИК. Муқимжон Қирғизбоев
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу СИЁСАТШУНОСЛИК - Муқимжон Қирғизбоев страница 22
Қадимги даврлардан бошлаб шаклланган анъаналарга мувофиқ сиёсат мазмунини давлат қудратининг манбаи – ҳокимият билан узвий равишда боғлаб келинди. Умуман, у даврлардаги давлатларда сиёсатнинг мазмуни ҳокимиятнинг ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа ресурсларини аниқлаш билан боғлиқ ҳолда талқин этилди. Шунингдек, сиёсат акторларининг ҳокимиятга доир хулқини ўрганиш, бошқаришнинг легитимлиги ва қонунийлиги мезонларини ўрнатиш, ҳукмдорлар ва уларга бўйсунувчилар ролларини ижро этиш хусусиятларини англаш (Парсонс) , ҳокимиятнинг гуруҳий асосларини ёритиш (Бентли) асносида сиёсатнинг моҳияти янада ойдинлаша бошлади.
Сиёсатни ўрганишнинг турли-туман усуллари ва ёндашувлари ичида функционал – мақсадли усул кенг тарқалди. Бу усул жамиятдаги ижтимоий ҳаётда яшашнинг у ёки бу маъноларини изоҳлаб беришга асосланди. Бу жараёнда сиёсат тушунчаси қандайдир этикавий мақсадларни амалга оширишнинг шакли сифатида таърифлана бошланди (масалан, “англаб етилган адолатга мувофиқ бошқариш ёки фаровонликни ривожлантириш” (Платон); ёки “рационал тафаккурлашни амалга ошириш” (Гегель); “жамиятдаги кучларнинг ижтимоий мувозанатини ўрнатиш ва жамиятнинг бир бутунлигини ушлаб туриш ёки айрим кишиларнинг бошқалар устидан ўз ҳукмронлигини сақлаш воситаси” (Дебре); “қадриятларни тақсимлаш шакли” (Ласвелл) ёки “умумий иродаларни амалга ошириш” (Руссо) ва ҳоказо50 .
Сиёсат ҳақида немис олими М.Вебер ҳам ўзига хос талқинларни амалга оширган. Унинг қуйидаги фикри сиёсатнинг моҳиятини очиб беришга ёрдам беради: “Шу тариқа, сиёсат атрофлича муҳокама қилганда, давлатлар ўртасидами, давлат ичидами, одамлар гуруҳлари ўртасидами, ҳокимиятда иштирок этишга интилиш ёки ҳокимиятни тақсимлашга таъсир кўрсатишга интилиш демакдир51 .
Инсониятнинг дастлабки ривожланиш даврида, яъни ҳали жамиятдаги турли манфаатларни кескин бир-бирига қарама-қарши қўйиш, ишлаб чиқаришда ўзини ўзи ташкил этиш, маҳсулотларни тақсимлаш механизмлари пайдо бўлмаган, диний ақидапарастлик, урф-одатлар ва хулқий муносабатлар ҳукмрон бўлган даврда кишилар ўз манфаатларини қондириш жараёнларини табиий ҳолатдан келиб чиқиб мувофиқлаштирган эди. Лекин моддий ишлаб чиқаришнинг ривожланиши, ижтимоий ва демографик сафарбарликнинг кучайиши, жамиятда ижтимоий, этник ва диний дифференциациянинг ўсиши натижасида бу табиий мувофиқлаштириш ўз қобилиятини йўқотиб қўйди. Турли-туман инсоний алоқалар ва муносабатлар натижасида жамиятни бузиш хавфини келтириб чиқарувчи ўзига хос ихтилофлар, ўзаро келиша олмайдиган манфаатлар мажмуалари пайдо бўлди.