Ибройим Юсупов. Шарап Уснатдинов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Ибройим Юсупов - Шарап Уснатдинов страница 8
– Мана бу Ибройимнинг уйи узоқроқ, ёшлар кетиш учун рухсат сўрамоқда, – дея Айтжон оғаси Давқораевга қараб энгашди.
– Ибройим, сен қаерда турасан?
У илгари кўҳна шаҳарда, ҳозир эса янги шаҳардаги энг чекка кўчалардан бирида ижарада яшаётганини тушунтирди.
– Хўжалигингда кимлар бор?
– Онам, катта акам, янгам ва уларнинг иккита боласи бор.
– Вой-бўй, иним-эй, – деди Давқораев, – сен ижарангни қўй. – У шундай деди-да, кийимилгичда турган пальтосининг чўнтагидан бир калит чиқарди.
– Ма, мана бу Пушкин кўчасидаги ёзувчиларга берилган тўрт хонали уйнинг калити. Эртага эрталабдан кўчиб ўт…
2
Қиш. Эрта тонг. Ёзда бу пайт одамлар уйда ўтирмасди. Ҳозир ташқарига чиққан одам рўпарасидаги иморатни зўрға кўради. Кун бўйи овулда дон-дун чўқилаб, тунда шаҳарнинг теракларида қўноқ бўлган қарғалар секин қар-қарр дея бир-бирини уйғотиб, яқин шохларда учиб-қўниб чарх урмоқда. Кўп ўтмай тўп-тўп бўлиб пастлаб, ёйилиб учиб, шимолга қараб йўл тортади. Ҳадемай хўрозларнинг чақириши бир-бирига уланиб кетади. Чумчуқларнинг чуғурлаши ҳам эшитила бошлайди. Озгина кутсанг, эчки-улоқлар ҳам маъраб, бузоқлар мўлаб, ҳар ер-ҳар ердан итларнинг вовуллаган товушлари “тонг симфонияси”га аралашиб кетади. Нукус пойтахт шаҳар бўлгани билан, унда яшайдиган аҳолининг кўпчилиги овуллардан кўчиб келганлар. Айниқса, чекка-чекка кўчаларга чиқиб, қулоқ тутган одамга овулдаги жониворлару одамларнинг бўзлашию, бақир-чақир товушлари эргашиб келгандай туюлади.
Мана, куннинг қизил шафағи ҳам найза учларини кўрсата бошлади.
Хонбиби элти бомдод намозини аллақачон ўқиб бўлса-да ҳамон жойнамоз устида ўтирарди. Унинг бундай аҳволга тушганига анча бўлди. Пичирлаб дуо ўқийди, қўлларини фотиҳага кўтаради, бир эмас, икки эмас, қайта-қайта такрорлайди. Уйнинг ичкариси жимжит, ҳали ҳеч ким уйғонган эмас. У келиним Тиллахон уйғона қолсин, нонушта тайёрлай қолсин, деб қўл қовуштириб ўтирмайди. Маденнинг одати икки куннинг бирида жуда кеч келади ёки тонг саҳарда тебраниб келибоқ, ўринга йиқилади. Кейинги пайтда ёр-дўстларни уйига чақириб, ярим кечаси тарқалишадиган одат чиқарди. Хотини авваллари кутиб ўтирмай жавраб-жавраб ухлайверарди. Энди уларга қўшилиб ўтираверадиган бўлди. “Шўрим қуриб, буни ҳам қўшиб олмасайди, деган гумони ҳам йўқ эмас… Қўшилиб олса, қўшилиб олгандир-да, уялмай чошгоҳга қадар уйғонмайди-ку”.
Бу элтининг яқиндан буён кўнглидан кечаётган ўйлари. Ҳозир эса яқин кунлардаги нияти бўйича намоздан кейин Нажим Давқораев инисини дуо қилиб, Яратган эгам мартабасини баланд қилсин, бола-чақасининг роҳатини кўрсин, охун оғасининг руҳини шод этиб, бизларга қилган ғамхўрликлари Аллоҳдан қайтсин. Ўзи ҳам катта уламоларнинг авлодидан экан, Худойим ота-бобосининг арвоҳларини шод этиб, ўзининг бахтини бутун қилсин, дея