Юз йиллик қотиллик қиссаси. Хуршид Дўстмуҳаммад
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Юз йиллик қотиллик қиссаси - Хуршид Дўстмуҳаммад страница 2
– Диндорми? Ваҳобийлардандир?
Онаси чўчиб, ака-ука томон ўгирилди.
– Йў-ўқ, ундай эмас. Билмайман, дедим-ку, ака. Маълумот кўп эмас. Газетада ўша одам ҳақида ёзишган экан, шу.
Темур гапни қисқа қилди, ичкари хонага ўтиб, қўлтиғидаги йиғмажилдни очди. Боя кўз ташлаган газета варағини ёзиб, ярим саҳифадан зиёдроқ мақолани ўқишга тутинди: “Беҳбудийнинг сўнгги кунлари. Янги ҳужжат ва далиллар”. Катта мақола экан, деган ўй ўтди кўнглидан Темурнинг. Одатда, у газета-журналларни берилиб ўқимас, қўлига тушиб қолган тақдирда юзаки варақлаб, номигагина кўз югуртириш билан кифояланар эди. Энди эса истайдими-йўқми, мажбур. Овозини чиқармай ўқишга киришди: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”нинг 2001 йили нашр этилган 2-жилдида Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида берилган мақолада: “…1919 йилнинг эрта баҳорида мамлакатдан чиқиб кетаётганида…” Темур ирғиб ўрнидан туриб кетди, ўқиётганларига ишонмай, яна газетага қаради. Адашмабди – 1919 йилнинг эрта баҳори… Ҳидой амаки калака қиляптими мени?! Орадан юз йил ўтиб кетибди-ю! Мен қандай қилиб уни ўрганаман? Кимдан нимани суриштираман?.. Ёки командир мени синаш учун бердими?! У “командир” сўзини масхаромуз оҳангда айтди. Дадам ҳаёт бўлганида шундай қилмасмиди, Ҳидой амаки?.. Дадасининг жаҳли бурнининг учида турарди. Ҳеч бир иш-юмушни пайсалга солмай, шартта-шартта жойида ҳал қилиб ташларди, айтар гапини қайтармасди. Темур кўз ўнгига келтирди: шу дамда ёнида бўлганида борми, бу майнавозчиликни кўрган заҳоти телефонни қўлга олиб, Ҳидой амакини, оғайнисини бўралатиб… тоққа олиб чиқиб, боққа олиб тушириб қўярди! Ўғлимни майна қиляпсанми ёки менда қасдинг борми, деб тўзонини чиқарарди. Лекин ҳозир, шу паллада Темур нима қилади? Бошлиқ ўзи чақирди, бу борди, у қабул қилди, қўлига манави “Дело”ни тутқазиб, “Бошла!” деди – шу.
Темур ўйининг адоғига етолмади, беихтиёр яна газетани қўлига олди. “Шаҳрисабзда Инқилобий фавқулодда комиссия айғоқчилари кўмагида, Бухоро амирлиги одамлари томонидан қўлга олинади, ҳамроҳлари Муҳаммадқул ва Мардонқул билан биргаликда Қаршида зиндонга ташланади ва қатл этилади. Бу воқеа Самарқандда бир йилдан кейин маълум бўлади”.
Темур ошхонада куймаланаётган онасининг ёнига чиқди.
– Адамни китоблари қаерда қолган, опа?
– Нима, китоб ўқигинг кеп қолдими? Аданг раҳматли, китоб ўқиларинг, деб чакак қоқа-қоқа кетди. Ана, ётоқхонадаги пастки тахмонда чанг босиб ётибди китоблари.
Темур ётоқ бўлмасига кириб, шкафни очди. Пастки жавонда қалаштириб тахланган китобларга қараб турди-да, уларга қўл урмай, яна онасининг ёнига чиқди.
– Опа, анув энциклопедия бўларди – катта-катта кўк китоб, энциклопедия. Йўқ-ку?
– Кўк рангли китобми, ўзиям ўнтами-ўн бештами, зил-замбил, Зиёд тоға опкетган.
Темур асабий қалқиб тушди.
– Нега Зиёд тоға олиб кетади? Уйи тўла китоб-ку, бизани китобга