Суиқасддан сўнгги сукут ёхуд Чингизхондан Черчиллгача. Нурали Қобул
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Суиқасддан сўнгги сукут ёхуд Чингизхондан Черчиллгача - Нурали Қобул страница 10
Шу дафтарларни варақлар эканман, бундан қирқ йил бурун ёзиб қўйганим, Антон Павлович Чеховнинг фикрига кўзим тушди ва Азиз Несин домла ҳам барчамизнинг устозу аъзамимиз Чеховнинг фикрини такрорлаган эканлар-да, деган хаёлга бордим. Балки Чехов ҳам образи орқали берган бу фикрини бирор-бир файласуфдан эшитгандир. Гап пессимизмда ҳам, оптимизмда ҳам эмас, балки кишиларнинг юздан тўқсон тўққизининг фаҳму фаросати йўқлигида, дея ташхис қўйган экан буюк ёзувчи ва табиб.
Антон Павлович Чехов бу фикрини сўйлаганларига ҳам анча-мунча замонлар кечди. Жаҳон ҳикоячиларининг пири қайд этган фоиз бир неча фоизга камайганидир, балки. Аммо саводсизлигу чаламуллалик ҳамон тизза бўйи, назаримда. Бу чаласаводлар галаю оломонида бирор-бир саводли, тўғри ва ақлли гап айтишга интилмоқ кўп ҳурматли эшак ўғрисига айланмоқ демакдир.
Мана бу битик эса ўзини улғайтириб вояга етказган одамларни оёқ учи билан кўрсатувчи нобакорлар ҳақидадир.
Не қадар пасту баланд,
Тобонинг маълум сенинг.
Оёғинг аранг босган,
Товонинг маълум сенинг.
Астари йўқ, аврасиз,
Чопонинг маълум сенинг.
Шажара-башара, соп,
Сопонинг маълум сенинг.
Сас-садосиз илкисдан,
Қопонинг маълум сенинг.
Қўлу виждон қонини,
Ёпонинг маълум сенинг.
Буғдой, машоқ, ҳам сари
Сомонинг маълум сенинг.
Қуёшни тўсар булут,
Туманинг маълум сенинг.
Ўлан каби кўринмас,
Гумонинг маълум сенинг.
Кўринмиш каби ўлан,
Уммонинг маълум сенинг.
Етим ҳаққини ебон,
Топгонинг маълум сенинг.
Икки дунёда тушар,
Қопқонинг маълум сенинг.
5. Амал ва ажал ёхуд президентлар ҳам ўладилар
Эъзозламоқ имкони борида салтанатни ёш меросхўрга топширмай, салласига чалишиб йиқилиб тушгунча тахтга ёпишиб оладигон шоҳлар замонида одамларда эътиқод ва истак ўти сусаяди, ёшларнинг ахлоқи бузилади.
АЛ-ХОРАЗМИЙ
Кишини шунчалик кўтарурлар гоҳ,
Пастга туширишга йўл қолмас, э воҳ.
ТУСИЙ
Кечмиш империялар, давлатлар ва сулолалар тарихидан маълумки, мамлакатлар ва салтанатлар қисмату қадарини халқлар эмас, шахслар ҳал этиб келганлар.
Парламентар ёки республика бошқарув тизимлари, халқ ҳокимияти ва демократия эътиқодлари не қадар шаклланмасин, бир шахснинг фаолиятига боғлиқ, бир кишининг хоҳиш-иродаси ҳамон жамиятда ҳал қилувчи куч бўлиб қолмоқда.
Одамлар ҳам сайлаган раҳбарларига “От қўйиб шу манзилга етдингми? Тамом! Миллату мамлакатнинг увол-савоби сенинг