Келиннома. Рахима Шомансурова
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Келиннома - Рахима Шомансурова страница 7
Яна бу даврда аксари қизлар кундалик дафтар тутишга ҳаракат қиладилар. Шеър ёзмаган қиз кам бу даврда! Бу табиий ҳол. Қолаверса, кундалик дафтар тутишга иштиёқмандлик кундалик эгасининг қалби жуда нозиклигидан, ўзи мулоҳазакор, кўнгли мумтозликка мойиллигидан далолат. Ахир қизлар табиатан ҳис-ҳаяжонга берилувчан бўладилар, деб айтдик-ку.
Машҳур француз рассоми Пабло Пикассо «Мен расм чизаётганимда нима излаётганимни эмас, нима кашф қилганимни кўрсатишга ҳаракат қиламан», деган экан.
Қизлар дафтарида (кундалигида, илк шеърий машқларида) эса аксарият ёш қалбнинг «нима излаётгани» акс этиши табиий. Баъзида ойингиз ёки опангиз:
– Кундалик ёза бошлаганинг яхши. Демак, катта қиз бўлиб қолибсан, аммо эҳтиёт бўл, унга дуч келган нарсани ёзиб бўлмайди, – дейишса ҳайрон бўласиз.
Чунки сиз биринчи туйғу, биринчи ҳаяжон, биринчи кечинмалар тўлқинини ҳис қилибоқ, томирларингиз қизиб, ёноқларингиз тез-тез дув қизариб қалам тебратаяпсиз. Сиз ҳали ёзиш учунгина ёзиш керак эмаслигини, ўзингизни борингиздан кўра яхшироқ қилиб кўрсатишга уринишингизнинг маълум юки, масъулияти, ҳатто жавобгарлиги ҳам бўлишини билмайсиз. Ҳатто дафтар шахсан ўзингизники бўлса ҳам, унга ўз бошингиздан кечирган ҳамма фикрни, ҳамма ҳаяжонни ҳам ёзавериш мумкин эмаслигини билмайсиз.
Сиз бугун ҳали ўз кечинмаларингиз, ўз қарашларингизни умумлаштира олмайсиз, ўзингизга нима бўлаётганини ҳам англаб етмайсиз. Шуларни – ҳали ўзингиз ҳам тўла тушуниб етмаган туйғуларни ёзиб қўйиш керак деб, шошиб-пишиб дафтарга туширишингиз тўғримикин?
Эртага балоғатга етасиз. Маълум даражада бугунги – ўткинчи тўлқинлар тинади. Эртага сизнинг ўзингизга ҳам шу кечинмалар балки кулгили, балки аянчли бўлиб туюлар. Ҳатто кеча қизиқ устида дафтарга ёзганларингиз ҳам бугун ҳали «етилмаганини» тушунасиз. Инсон қалбига бундай беқарор туйғу-кечинмалар бундан буён ҳам онда-сонда эшик қоқиб туришини англайсиз. У пайтда сиз ўзингизни қандай тутишни биласиз… Чунки балоғат ёшидасиз. Бу вақтда кўп фазилатларингиз барқарорлашган бўлади.
Аммо буни тушуниб етгунингизга қадар дафтарингиз бошқалар қўлига тушса, сизни нотўғри тушунишлари, нозик кўнглингизни дарз кетказиб қўйишлари мумкин. Бу ҳаётнинг сизга берган илк нохуш сабоғи бўлади.
Аксарият шундай сабоқлардан сўнг қизлар чиройли ёзилган нарса ҳамиша ҳам чиройли туйғу, ҳақиқий туйғу, ҳақиқий қарашлар акси бўлавермаслигини англаб ета бошлайдилар. Ўшанда дафтарга дуч келган нарсани эмас, ҳаммадан кўриб «менинг ундан қаерим кам?» деб эмас, фақат ўз қалби кашфиётини ёзиш кераклигини, кундалик дафтар муаллифи, яъни дафтар эгасининг қалб кўзгуси эканини ажиб бир сокин ва тиниқ туйғу билан англайдилар. Бу уларнинг