Бепарво бўлмоқчиман. Саъдулла Сиёев
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Бепарво бўлмоқчиман - Саъдулла Сиёев страница 3
– Қалай, ўйнаб–кулиб ўтирибсизларми? Уч кун бўлди, кўринмайсан, Назарали? Нима гап, тинчликми деб…
Чол ҳам, кампир ҳам қўл сочиқнинг попугини ўйнаб, ҳамон тек ўтиришибди. Ҳайдар ота тўхтаб қолди. Кейин илжайди:
– Ие, ҳа, нима бўлди? Яна ораларингдан ола мушук ўтдими? Оббо – о! Қариганда ёш боладай тумтайиб… Тавба! Шу тобда невара – чевараларингдан биттаси келиб қолса, нима деган одам бўласанлар? Хўш, Ҳалимахон, нима бўлди?
Кампирнинг кўзига ёш келди. У чолига ияк қоқди:
– Нима бўлганини анави қоқвошдан сўранг! – деди овози титраб. Чолдан ҳам дарров “алик” қайтди:
– Йўқ, нима бўлганини шу тиши йўқдан сўра! Тариқча гуноҳим бўлса, айтсин!
– Айтаман ҳам!
Чол – кампир ўтирган бўйларича Ҳайдар отага ўгирилдилар. Ҳалимабону ирғиб туриб, қўшнисига кўрпача солди, бир пиёла чой қуйиб узатди. Сўнг арзи ҳол айтди:
– Айланай уста, бу ўртоғингизга бир бало бўлди. Қариганда қони қуюлдими, қайдам? Бирам тажанг, бирам бесабр… Сал нарсага лов этиб ёнади – кетади.
– Ўтлаяпти– да, бунга ишонма, – деди Назарали ота. – Кейинги вақтларда сал… – у бармоғини чаккасига қадаб, буради, – шунақароқ бўлиб қолган.
– Шошманглар, жанжал нимадан чиқди ўзи?
– Мирмишилдан. Икки кун бўлди. Абетга нима қилай, дадаси, десам, юмшоқроқ нарса бўлсин, деди. Унда мирмишил қовура қолай, селини мўлгина қилсам, аччиқ чой билан еб олар, дедим. Мирмишилни обитобида қовуриб, ботар–ботмас қилиб сув солдим–да, биқ этиб қайнаши билан устига товоқ бостирдим. Токнинг тагини теша чопиқ қилиб қўювдим. Икки йўлгина райҳон ўтқазсам, ёзда одам бўйи бўлиб, гуркираб ётса, боз шу чолнинг шўрвасига асқотади–ку, дедим. Райҳон кўчатни экиб бўлиб, ошхонага кирдим. Қарасам, мирмишил сал тагига олибди. Газ ўлгур лопиллаб кетганми, нима бало бўлган… Хуллас, бир лаган қилиб, мурч–пиёзлаб сузиб кирдим. Бу тўрам қошиқни шундоқ солиб, лаганни бир ағдарди – ю, овқатми бу, похолми, деб олдирди, олди – урди…
Кампир рўмолининг учига кўзини артди. Ҳайдар ота ялт этиб ўртоғига қаради:
– Ҳўв, менга қара! Сени нима жин урди? Муштдек кампирга қўл кўтариб ўтирибсанми ҳали?
– Эсинг жойидами ўзи? Ҳозир хотин урадиган замонми? – тўнғиллади Назарали ота. – Бурнига бир чертиб қўйсанг, қиёматга довур қувар буларинг… Хонтахта четида пиёла турган экан, шундай… тирсагим тегиб кетиб…
Ҳайдарота“Сизнимадейсиз?”дегандай Ҳалимабонугаюзланди.Кампиршошибёқасига туфлади:
– Тавба қилдим… Оғзида илми билан ёлғонни сувдай ичади–я…
У этакларини ҳилпиратиб, ичкарига кириб кетди. Салдан кейин латтага тугилган нарса кўтариб чиқди. Жаранглатиб Ҳайдар отанинг олдига қўйди.
– Мана, кўринг, уста ака! Қулочкашлаб отди денг пиёлани, шкафнинг ойнаси кунпоякун бўлди. Уйга кириб қаранг, бир кўзига парда тутиб қўйибман. Қизим Московдан олиб келиб берган ликопчалар ҳам синди, ойим раҳматликдан қолган мана бу жонон пиёла