Қора қузғун. Фозил Тиловатов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Қора қузғун - Фозил Тиловатов страница 10
Мажлис аҳлига айни шу гап керак бўлиб турган экан, гулдурос қарсак чалиб юборишди.
«Шундай чоғлари Гулчеҳра менга таянч бўладими десам, унинг муносабати тамоман тушунарсиз. Кейинги пайтлари болаларнинг ҳам юриш-туришлари ўзгарган. Гулчеҳра таъсир ўтказаяпти назаримда. Лекин, нега? Нима учун?» Айниқса, ўтган гал Тошкентдан қайтганидаги ҳолат уни тамоман лол қилди. Гулчеҳра унга қовоғини солиб салом бергани ҳолда, Шосалимга жилмайибгина «Яхшимисиз?» деди. Болалар-чи, дадам келдилар деб эмас, Шосалим амаким келдилар, деб кўчадан югуришиб киришганида, Жобирбекнинг ичидан бир нима «чирт» этиб узилгандек бўлди.
Жобирбек хаёлида кечган ёмон бир ўйдан сапчиб тушди. Бамайлихотир рул бошқариб бораётган Шосалимга шубҳали нигоҳ ташлади. Кейин ўз ишидан ўзи уялиб кетди: «Унда нима гуноҳ! У бечора ўз ишини қилаяпти. Гулчеҳрани янга деб ҳурмат қилиши, болаларимни амакидек яхши кўриши табиий-ку! Айб ўзимда, иш деб, отамнинг кўнглини юмшатаман деб оиламдан эътиборимни, меҳримни аяганга ўхшайман! Бунга чек қўяман, албатта!»
У рўзғори шундоққина кўз ўнгида эски девордек нураб бораётганини кўриб турарди. Фақат уни таъмирлашга, сақлаб қолишига ишонгани ҳолда ҳозирча вақт топмаётганди. Ҳозир ҳам қатъий бир қарорга кела олмади.
20
Гулчеҳра намунали оила фарзанди эди. Дилидагини ҳадеганда тилига чиқаравермасди. Ўзи билан ўзи куйиб, жизғанак бўлиб юраверарди. Бу гал ҳам шундай бўлди. Эрига дардини дастурхон қилиб ёзса, эътирозларини айтса бўларди. Гарчи, эрининг ишидан кўнгли дарз кетган, энди уни тиклаб бўлмаслиги кундек равшан бўлса ҳам тўлиб кетган юрагини бир оз бўшатиб олиши мумкин эди! Йўқ! У яна жим. Сўз демас: киноя-ю кесатиқларини, зардаю иддаоларини нигоҳларида жамлаб отгани-отган. Жобирбек эса бу каби сирли боқишлар тилсимини еча олмай хуноб эди.
Ўша нотаниш жувон қўнғироқ қилган кунлари сиқилиб юрган Гулчеҳра ота-онасини кўргани борди. Қанчалик яширмасин, онаси унинг руҳи тушган; ичида бир дард борлигини сезди.
– Рўзғоринг тинчми ўзи, қизим? – сўради она безовталаниб. Гулчеҳра шу жойда ўзини тутиб тура олмади. Бир неча кундан бери сассиз йиғлаётган юракнинг сирини кўзлари фош этиб қўйди! Онаси унинг дардларини тинглагач, қизини юпатди:
– Бу ҳар бир аёлнинг бошида бор қисмат! Эркак киши уйдан етти қадам узоқлашдими, бўйдоқ ҳисобланади. Шунга кўникишинг керак! Биз-ку, оддий одамлармиз, ҳатто пайғамбаримизнинг хонадонларида ҳам шундай можаро бўлган.
– Қандай можаро? – Гулчеҳра ажабланиб онасига боқди.
– Ҳазрати Алининг хотини Фотима онамиз биласан пайғамбаримизнинг қизлари бўлган. Эрлари устиларига хотин олмоқчи бўлганларида, ичларига бир