Бўрилар изидан. Хусанбой Каримов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Бўрилар изидан - Хусанбой Каримов страница 22
Мана, энди Ғани мелиса шилқиллаб, иссиқда терлабпишиб, қандайдир рэкетчи Бобурхоннинг ҳузурига илтимос қилгани бормоқда. Бу қандоқ бедодлик бўлдики, мелиса формасидаги бир одам қандайдир ўғри, каззобга илтимос билан борса?!.
Оталар чойхонасида одам кўп эмасди. Бироқ, энг четдаги, шовуллаб оқаётган ариқ устига кўндаланг қўйилган сўрида тўрт-беш чоғли ёш йигитлар карта ўйнаб, ҳиринглаб кулишиб ўтиршганди. Ғани мелиса дарҳол уларга эътибор қилди ва илдам бориб, чой дамлаётган чўққи соқол, жиккакина, марғилонча дўппи кийган кишига рўпара бўлди.
– Менга Бобурхон керак эди, – деди овозини баралла қўйиб. Чойхоначининг кўзлари олазарак бўлиб, ранги бироз оқаринқиради ва имлаб, боягина Ғани мелисанинг кўзи тушган сўрини кўрсатди. Чамаси, Ғани мелисанинг сўровини сўрида ўтирган йигитлар ҳам эшитишди, лекин парво қилишмади.
Ғани ака йўлни тўғри ўша сўри томон солди.
– Қалайсизлар, йигитлар? – деди Ғани ака, қўлларини шимининг чўнтакларига суқиб, тик турганча.
Сўридаги йигитлардан бири ёнбошлаб карта ўйнаётган экан. Айнан ўшаниси; бу ким бўлди экан, дегандек Ғани мелисага тик қаради ва:
– Келинг, хизмат? – деди бир кўзини хиёл қисиб.
Йигитлар, қўлларида қарта, ёнбошлаб ётган йигитга савол назари билан қарадилар.
– Менга Бобурхон керак эди?
– Мен бўламан Бобурхон.
– Гаплашиб олсак бўладими? – Хиёл дадилланди Ғани мелиса ва сўрининг бир четига ўтирди.
– Гапиринг!..
Ғани мелиса жим қолиб, қўлларида карталарини ушлаб турган уч йигитга бир-бир қаради.
– Булар менинг одамларим. Улардан яширадиган гапим йўқ. – Ўзини Бобурхон деб таништирган йигит қўлидаги қарталарини хонтахта устига тап этказиб ташладик-да, ёстиққа бутунлай ёнбошлаб, оёқларини узатди.
– Ундай бўлса, гап бундай: қўшнимнинг «Жигули»си шаҳарда йўқолиб қолибди. Аниқроғи, ўғирлаб кетилибди. Машина сизларда экан, қайтариб берсангиз…
– Биринчидан, биз ўғри эмасмиз – машина ўғирлайдиган, иккинчидан, биз фақат ўғирланган машиналарни қидириб топиб беришимиз мумкин, холос. Аммо…
– Ия, шундақами, мен… – Гапини уёғини айтмади Ғани мелиса.
– Мен бўлсам, қўлимизга кишан солиб олиб кетгани келдими, деб ўйлабман, – дея йигитлардан бири хохолаб кулиб юборди.
У йигитнинг беўхшов кулгусига қолган икки йигит ҳам қўшилди. Бобурхон уларга ўқрайиб қараганди, дарҳол кулгуларини тўхтатишди.
– Хўш, нима қиламиз? – деб сўради Ғани мелиса, кулганларга парво қилмай.
– Нима қилардик, суюнчисини берсангиз, топиб берамиз, – дея ижирғанди Бобурхон, мелиса ходимининг жиддий турганини кўриб.
– Суюнчиси қанча бўларкан?
– «Жигули» бўлса, уч минг-да!..