Ўзлик сари етти қадам – 2. Ҳақиқатхон, танишайлик…. Жавлон Жўраев
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Ўзлик сари етти қадам – 2. Ҳақиқатхон, танишайлик… - Жавлон Жўраев страница 6
Онг дастурлари жуда-жуда фойдали нарса. Улар бизнинг аралашувимизсиз ҳам керакли хатти-ҳаракатларни ва жараёнларни амалга оширади ва бизни ҳамма нарсани мунтазам назорат қилиб туриш мажбуриятидан ҳалос қилади. Бу ҳудди замонавий тайёралардаги автоматик бошқарувга ўхшайди.
Масалан, сиз бирор зинапояга яқинлашганингизда аввал қайси оёғингиз билан унга қадам қўйишингизни ўйламайсиз – буни танангиз ўз-ўзидан қилаверади. Тана хотирасидаги дастур зинагача масофани таҳминан ҳисоблаб, қайси оёқ биринчи зинага қадам ташлашини олдиндан аниқлаб бўлади ва шунга монанд иш тутади.
Аммо, афсуски, доимий хотирадаги барча дастурлар ҳам бу каби фойдали эмас. Биз ўзимиз билмаган ва истамаган ҳолда у ерда зарарли дастурларни ҳам ёзиб қўямиз. Булар, одатда, ижтимоий қўрқувлар ёки комплексларга тегишли дастурлардир.
Масалан, биз катталар бола тарбиясида кўпинча бир зарарли дастурни унинг онгига ёзиб қўямиз – қулоқсизлик қилса, уни доктор билан қўрқитамиз. Натижада, болада шифокорларга нисбатан ижтимоий қўрқув ҳосил бўлади ва у оқ кийим кийган ҳар қандай одамни кўрганда шу зарарли дастур таъсирида ваҳимага тушаверади.
Бахтга қарши, болаликда бизга сингдирилган зарарли дастурларни ўзгартириш ёки ўчириб ташлаш жуда қийин. Яхшиси, бола тарбиясида унинг онгида бундай дастурлар пайдо бўлишига йўл қўймаган маъқул. Агар бу дастурлар кейинги ҳаётда катта муаммога айланса (масалан, болаликда орттирилган ижтимоий қўрқув кейинчалик фобияга айланиб кетса), бунга психолог ёрдамини жалб этишга тўғри келади. Бунда икки усулдан бири қўлланилади: биринчиси – одамни қўрққан нарсаси билан юзлашишга мажбурлаб, унга ўз қўрқувини енгиб чиқишга ёрдам берилади; иккинчиси – одам онгида зарарли қўрқув дастурининг таъсирини енгиб кетадиган янги бир дастур яратилади (бошқача қилиб айтганда, одам фобия таъсирига қарши эмланади). Биринчи усул бир оз ҳавфли, лекин анча самарали. Иккинчисида самара камроқ – аммо киши саломатлигига зарар етиши эҳтимоли ҳам кам.
Болаликдан қолган дастурлардан фарқли ўлароқ, ўсмирлик ва катталикда орттирилган зарарли дастурлардан қутулиш анча осон. Бунинг учун одамдан озгина жасорат ва сергаклик талаб этилади. Шахсиятдаги турли зарарли комплекс ва қўрқувлардан ҳалос бўлиш учун, одам юқорида таърифланган икки усулдан бирини қўллаши мумкин. Бунда биринчи усул (яъни муаммо билан очиқ юзлашиш) қўрқувларни бартараф этишда кўпроқ самара беради.