Архитектура назарияси. Ўқув қўлланма. Биринчи қисм. Ибадулла Самандарович Байджанов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Архитектура назарияси. Ўқув қўлланма. Биринчи қисм - Ибадулла Самандарович Байджанов страница 6
Унинг ёши Авестога ва ундан ҳам олдинги узоқ қадимий даврларга тўғри келади. Авесто таълимоти ҳам «Чор унсур» фалсафаси билан суғорилган. Авестога асосланган зардуштийлик дини эса дунёдаги динлар орасидаги энг қадимгиси ҳисобланиб, инсоният тараққиётига бевосита ва билвосита жуда катта таъсир кўрсатган. Бу таълимот Ғарб давлатларига кенг тарқалиб, юнонча"зороасризим» тарзида зикир этилган. Демак «Чор унсур» фалсафаси ушбу дин орқали Ғарб давлатларига тарқалган.
«Чор унсур" жамики фанларнинг асоси, Авесто ва жаҳоний динларнинг пойдевори, Ислом фалсафаси ва Шарқ халқлари имон-эътиқодининг мазмуни ҳисобланган. «Чор унсур» ҳақида китоблар ёзилган. Улардан бири Мирзо Абдулқодир Бедилнинг (1644—1721) айнан шу номдаги асари -«Чор унсур» дир [19.-23 б].
Бедилнинг ёзишича, ҳали Авесто дунёга келмасдан бурун бутун шарқ халқлари, хусусан Ўрта Осиёлик аждодларимиз бутун борлиқ ва тирик жонзотларни чор унсурдан, яъни -тупрок (хок), сув (об), нур (нор), ҳаво (бод) каби яралганларнинг қўшилишидан яратилган деб билганлар [19.-37 б].
Абу Наср Фаробий (VIII—X асрларда) ҳам ўзининг «Илмларнинг келиб чиқиши» асарида ердага барча нарсалар тупроқ, сув, олов ҳавонинг турли миқдорда қўшилишидан ташкил топади, осмон жисмларини ҳам алоҳида, мустақил нарсалар деб эмас, шу тўрт унсурдан таркиб топади, дейди [7. -42 б].
Материкнинг турли минтақаларида ана шундай тўрт унсурнинг миқдори турлича бўлишлиги ушбу минтақаларнинг табиий-иқлим шароитларини ҳам, ҳайвонот ва наботот оламини ҳам, инсонларнинг яшаш турмуши, мижози ва урф одатларини ҳам турли туман қилиб юборган.
Демак, «Чор унсур"ни бутун оламнинг моддий асоси, оламдаги барча ўзгаришлар ва ҳаракатларни эса ушбу тўрт унсурнинг ўзаро турлича бирикувидан вужудга келган воқеликдир, деб тушуниш мумкин.
Чор унсур таълимотининг моҳияти эса ушбу тўрт унсурнинг бирикуви, ўзаро таъсирида ва яхлитлигида муайян қонуниятларнинг ётиши ва уларнинг ҳам ўз навбатида коинот уйғунлигига боғлик эканлигидадир. Зеро чор унсур ана шу уйғунлик бағрида воқедир. Инсон турмуши ва ҳаёти, унинг бунёдкорлик ишларининг асоси ҳам айнан шу уйғунлик ва мутаносибликка алоқадордир.
Шарқ сарзаминида фалсафий мушоҳада кўп минг йиллик тамаддун ҳосиласи ўларок, аввалбошдан Миср, Сурия, Ироқ, Марказий Осиё, Ҳинд ва Эрон халқларига хос бўлган. Шарқ цивилизацияда ҳеч қачон дин ва фалсафа бир-биридан ажратилмаган. Фалсафа диний таълимот мағзига жо булган.
Шунинг учун шарқ халқлари фалсафасини, унинг тамойил ва мезонларини юнон фалсафасига қўлланган ёндошувлар тизимидан келиб чиқиб ўрганиш нотўғри бўлади. Шарқликларнинг дунёвий қарашлари ўша даврлар шароитига мос бўлган кўринишда, содда мулоҳаза, тушунча ва ривоятлардек туюлса-да, рамз ва ишоратларга бой, чуқур маънога эга бўлган.