Архитектура назарияси. Ўқув қўлланма. Биринчи қисм. Ибадулла Самандарович Байджанов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Архитектура назарияси. Ўқув қўлланма. Биринчи қисм - Ибадулла Самандарович Байджанов страница 8
Юнонларнинг турмуш тарзи ҳақиқат, гўзаллик, меҳрибонлик каби категориялар уйғунлиги билан белгиланган. Улар учун меъёр тушунчаси муҳим аҳамиятга эга эди. Шунинг учун юнонларда мулк эркин киши учун ажралмас атрибут бўлса, иккинчи томондан очкўзлик, молпарастликни қоралаганлар.
Инсонни тарбиялаш учун икки йўналиш бўйича таълим тизими вужудга келтирилган: а) «гимнастика»; ва б) ақлий йўналишдаги барча маданият турлари, чунончи, табиий фанлар, фалсафа, нотиқликни ўрганиш. Озод юнонларнинг болалари 7 ёшдан бошлаб бошланғич мактабга борганлар. Бадавлат кишиларнинг болалари эса 18 ёшгача гимназияларда ўқишни давом эттирганлар.
Болалар мактабларда чиройли ёзишга, аниқ ва равон сўзлашга ўргатилган. Улар Гомер, Гесиод ва бошқа шоирларнинг шеърларини ва достонларини ёд олганлар. Юнонлар ашула айтиш, рақсга тушиш, лира созини чалишни билмайдиганларни ўқимишли деб ҳисобламаганлар.
Болалар улғая борган сари югуриш, курашга тушиш, сакраш, диск, найза отиш ва қилич чопиш билан шуғулланганлар. Шу тариқа, улар ватан ҳимоячилари сифатида тайёрланган.
Айниқса, бу соҳада Спарта мактаби ажралиб турган ҳар қандай эркин юнон полис (шаҳар) давлатини энг олий эҳсон деб қабул қилган ва унинг ватанпарвари бўлган. Биринчи юнон файласуфи Фалес бўлиб, у сувни оламдаги барча моддий борлиқнинг асоси деб ҳисоблаган. Юнон фалсафасининг энг юксак намояндалари сифатида Суқрот, Платон ва Аристотель ҳисобланганлар.
Юнонистонда оламни фалсафий мушоҳада қилиш—мантиқ ва тасдиқлашга таянган илмий ва рационал фикрлаш методи орқали билиш мумкинлигига асос солинган. Пифагор, Евклид ва Архимедлар математика ва математик фанлар – геометрия, оптика, гидростатика фанларининг асосчилари ҳисобланади. Астрономия соҳасида Аристарх биринчи бўлиб геоцентризм ғоясини илгари сурди. Гиппократ – медицина фанига асос солди.
Геродот тарих фанининг отаси ҳисобланади. Аристотель асарлари маданият назарияси бўйича биринчи фундаментал илмий ишлар қаторидан ўрин олган эди. Деярли ҳозирги замон маданиятининг жанрлари қадимги Юнонистонда пайдо бўлди. Баъзилари ўша даврнинг ўзида жуда юқори даражага кўтарилди.
Фидий бошчилигида бадиий тасвирий санъат асарлари, Зевснинг катта ҳайкали бунга мисол бўла олади. Юнонлар биргина яратувчилик билан шуғулланиб қолмай, шу билан бирга гўзаллик қонунлари билан яшашни ҳам ҳоҳлар эдилар. Шунингдек, юнонларда ибтидоий дин шакллари – тотемизм, анимизм ва фетишизм тасаввурлари кучли бўлган.
Ибтидоий жамоа тузумидан синфий жамиятга ўтиш давомида юнонларнинг диний тасаввурлари ҳам ўзгариб борган. Уларда ҳар бир йирик ҳодиса, касби-корнинг ўз худолари – хомийлари бўлган.
Зевс – юнонларнинг энг муқаддас бош худоси ҳисобланган. У осмон, момақалдироқ, чақмоқ ва ёмғир худоси бўлган. Уни одамлар жингалак сочли, бақувват, серсоқол, қудратли, қўлида чақмоқ ушлаган, басавлат киши сифатида тасаввур қилганлар.
Зевснинг укаси Пасейдонни