Қасос ва муҳаббат. Хабиб Темиров
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Қасос ва муҳаббат - Хабиб Темиров страница 26
Марди қизарди.
– Йў-ўқ, нега энди. Қизларга муносабатим яхши.
– Тажриба борми? Битта-яримтасини… кўрганмисан?
– Албатта.
– Унда жудаям соз, икки камчилигингнинг ҳиссасини шундан чиқариб юборамиз.
– Тушунмадим…
– Зўр қизлар бор, таништириб қўяман, – деди Нозим.
– Қизларга вақт қаёқда, – деди Марди. – Ишни қилиб, пул тўплаш керак.
– Ҳали… уйланмаганмисан?
– Йўқ. Уйланиш учун аввал уй-жой бўлиши керак, – деди Марди хўрсиниб.
– Қизиқ экансан-ку. Уй-жойлисидан топиш керак-да, – деди Нозим ҳазил оҳангида.
– Қани ўшанақаси? – деди Марди.
– Тиқилиб ётибди-ю. Хоҳласанг шу бугуноқ топиб бераман. Йўқ, яхшиси эртага кечқурун. Шу ерда учрашамиз.
Марди индамади. Нозим хайрлашиб кетди. Марди ўйланиб кўча кезди. Аслида у боя Нозимга ёлғон гапирганди. Анча илгари юз берган воқеани ҳисобга олмаганда, ёши йигирма бешга етган бўлса ҳам, ҳали бирор қиз билан тузукроқ яқин дўстлашмаган. Хаёлида ўзи яратган ҳуснда тенгсиз, онаси ўпмаган бир гўзал бор. Марди қачондир ўша қизни албатта учратишини билади. Ўша қизни кутиб яшайди. Ўз жисмини ҳам, қалбини ҳам ўша сулувга топширишни орзу қилади. Мўйлаби сабза урган кезлардан буён шу хаёлга суяниб яшайди. Бир куни туш кўрди. Институтни битираётган йили эди, чамаси. Тушида ўша хаёлидаги дилороми оппоқ либосда келиб, унинг қўлидан ушлаб, ёруғ бир кошонага бошлаб кирибди. Бу ерда ҳашаматли тўй бўлаётган экан. Қиз уни етаклаб тўрга, келин-куёв ўтирадиган шоҳсупага бошлабди. Марди шоҳсупага чиқар экан, катта гиламга ёзиб қўйилган исмларни кўриб чўчиб тушибди. Чунки гиламда куёвнинг исми “Марди” эмас, бошқача эди. Шу ерга келганда уйғониб кетди. Армияда хизмат қилиб юрган пайтларида шу тушни яна икки марта кўрди. Охирги марта Саидваққосникида ишлаб юрган кунлари, ҳалиги тўйдан атиги икки кун олдин кўрди. Ўша куни негадир: “Бу туш оддий туш эмас”, деб ўйлади. Қўрқди. Оқ либосли келинчак омадми ё бахтсизликми? Ҳар ҳолда Марди роппа-роса икки кундан сўнг туши айнан ўнгидан келишини билмас, у рамзий маънога эга деб ўйлаб юрарди. Худди шунинг учун ҳам шоҳона тўйда куёвлик вазифасини бажариб бўлгач, қўлига тугунча бериб, кавушини тўғрилашаётганда кулди ва:
– Шундай бўлишини билардим, – деди. Ўзини ўшанда “Қўшоқбой амаки” деб таништирган одам Мардининг гапига мутлақо эътибор бермади. Мардининг ўзи ҳам бу воқеага энди эътибор бермасдан эсдан чиқариб юборишим керак, деган қарорга келди. “Кўриб юрган тушим ва унинг ўнгидан келиши – тақдирнинг мен суриб юрган хом хаёллар устидан кулиши, мени масхаралаши”, деб ўйлади. Бахт, омад ғойибдан, тўсатдан келмайди. Уни меҳнат, машаққат билан қўлга киритиш керак. Орзуингдаги, хаёлингдаги қизни излаб топиш, унинг севгисига садоқат билан эришиш зарур. Ҳа, дарвоқе, ўша куни – тўй чоғи Марди келиннинг юзига қараб, беихтиёр “оҳ” деб юборди. Бу… ўша тушидаги гўзал эди. Аммо тақдирнинг аччиқ ҳазилини қарангки, у қанақадир бир… тўйда келин билан ёнма-ён ўтиролмайдиган кимсага, эҳтимол олтмишдан ошган чолга насиб этибди… Гарчанд гиламга