сўнг аксарият диндор ва ўртаҳол оилалар, жумладан, Хуросон майдони аҳлининг ҳам кўксига шамол тегди. Ислом инқилоби Ҳожи Оғага ўхшаган одамларни кўтарди. Жамиятнинг ночорроқ аъзолари янги тузум жорий қилган молиявий ёрдамдан ҳаётини ўнглаб олди. Завод ишчилари учун энг кам ойлик иш ҳақи белгиланди, иш соатлари қисқартирилди. Уруш бошланиши билан егулик танқислиги бошлангани сабабли нон, пишлоқ, шакар ва ёғ каби асосий егуликлар бепул берилди. Аммо гап фақат иқтисодий фаровонликда эмасди. Ҳурмат, инсон қадрида ҳам эди. Хуросон майдони аҳли янги, замонавий Теҳронга қадам қўяётганини ҳис қилди. Шоҳ қуришни бошлаган замонавий жамият тараққиёт ва анъана орасида қолиб кетганди. У ўзгаришлар тез бўлишини истаганди, Эронни шошма-шошарлик билан Биринчи дунё мамлакатига олиб чиқмоқчи эди. Одамлар эса нотаниш дунёдан ҳадиксирарди. Гарчи отасидан фарқли равишда Шоҳ ҳижоб ва чодрани тақиқламаган бўлса ҳам, улар қуйи синф вакиллари белгисига айланиб қолганди. Аммо исломий ҳокимият ўрнатилгач Хуросон майдони аҳли ўзини жамиятнинг бир бўлаги, деб ҳис қила бошлади. Ҳукумат идоралари энди уларга бегонадек қарамасди. Уларнинг ибодати ва яшаш туруми нафақат давлат тасдиғидан ўтди, балки бошқаларга намуна қилиб кўрсатиладиган бўлди. Энди давлат уларга тушунарли бўлган диний тилда сўзларди. Шу боис одамлар ўзларини давлатга яқин ҳис қила бошлади. Уларнинг кўпи сиёсатга қизиқмасди, лекин бу яқинлик янги тузум тарафдорларини кўпайтириб юборди. Бу билан иккала томон ҳам ютди. Маънавий раҳнамонинг мутлақ ҳокимияти қонун билан белгиланаётганда одамларнинг художўйлиги жуда қўл келди. Хумайний вилояти-фақиҳ, яъни исломий ҳакам бошқарувини жорий қилгач фуқаролар устидан мутлақ ва муҳокама қилинмайдиган ҳокимиятга эга бўлди. Аллоҳ номи билан иш кўрувчи тузум улар томонида бўлгач Майдон аҳли ҳукуматга шубҳа билан қарашига ҳожат қолмади.
Сумайянинг қўшнилари қадриятлари муштарак эди: қиз бола турмушга чиқмагунича бокира бўлиши ва одмигина ҳижоб ўраши шарт. Уларнинг диндорлик даражаси бир-биридан фарқ қилса ҳам, эътиқодлари ўхшаш эди. Аммо гап сиёсатга келганда улар ўртасида тафриқа бор эди. Бу фақат тузум тарафдорлари ва унга қаршилар каби иккига бўлиниб олиш эмасди. Улар жуда кўп турга бўлинган эди.
– Ҳар ҳолда, у мулла ҳам эмас-ку, – қўшиб қўйди Масъуд хандон писта чақиб.
Масъуд намозни канда қилмасди, ҳажга ҳам борган. Аммо муллаларни жини суймайди. У иқтисодиётнинг оғир аҳволидан тортиб, коррупциягача – ҳамма нарсада муллаларни айбларди. Суннатий оила – анъанадор оиладан бўлиш ёки ислом шартларига тўкис амал қилиш дегани мавжуд тузум тарафдорига айланиш дегани эмас эди. Масъуд давлат ва дин ўртасидаги бўлинишга ишонарди. У Олий раҳнамонинг мутлақ ҳокимиятини қўллаб-қувватламасди.