Лўли. Амина Шенликўғли

Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Лўли - Амина Шенликўғли страница 3

Жанр:
Серия:
Издательство:
Лўли - Амина Шенликўғли

Скачать книгу

Ўз қўлларида бўлмаган туғилиш қисматидан бехабар бу кимсалар маъсум гўдакларнинг дилидаги туғёнларни қаердан ҳам билишарди? Давлат ҳам бу борадаги сиёсатни аниқ белгиламаган. Аллоҳдан қўрқиш нималигини билмайдиган, ичи фасодга тўла бу кимсалар шу пайтгача минглаб инсонларнинг қалбини вайрон қилишган, йиллар давомида шундай яшаб келишган ва яшашда давом этишарди.

      Бу икки бола ҳам ўша минглаб бегуноҳ инсонларни тамсил этишарди. Серпил ўз хаёлларига ғарқ бўлганди: демак, лўлилик жуда ёмон, уятли сўз экан, нима учун ҳақир сўзни уларга нисбатан айтишяпти? Само ҳам ўз хаёллари билан банд эди. Ўша кундан бошлаб, Само ҳожиларни ҳам, уларнинг зиёфатларини ҳам ёмон кўриб қолди. Ҳамма ҳожилар унинг кўзига ўша жоҳил инсон бўлиб кўринарди. Қувилган куннинг доғи унинг кўнглида қолиб кетди. Бу ҳақда ҳеч кимга оғиз ҳам очмади. Бундан бирор фойда йўқлигини ҳам биларди…

      Серпил энди баъзи нарсаларнинг фарқига боради. Ўқитувчиси Тепажиқдан келган ўқувчиларга бошқача муомала қиларди. Яна бир нарсани тушунди: у онаси билан дўконга киргудек бўлса, сотувчилар уларга бошдан-оёқ шубҳа билан тикиладилар. Бир гал совғалар дўконидан чиқишганида, орқасидан сотувчи қиз югуриб чиқди:

      – Тўхта, эй қиз, нимани ўғирладинг, – деб ҳамма ёғини тинтиб чиққанди. Бу ишни у кўчанинг ўртасида қилган, ўша куни қаттиқ изза бўлганди.

      Озчил ирқнинг болалари бошқа бир ирқ яшайдиган ҳудудда камситилиши янгилик эмас. Аммо ҳеч ким айнан бегуноҳ лўли болалари сингари таҳқирланмаган бўлса керак…

      Инсон қиёфасида кўринган ҳар кас ҳам инсон бўлавермайди

      АСЛИДА ҲАР ИРҚ БИР ОЯТДИР

      Совуқ қиш кунларидан бири. Том мўриларидан чиққан тутун сингганидан қорлар қорамтир тусга кирган эди. Серпил бехосдан ойиси билан жанжаллашган қўшни хотиннинг гапини эшитиб қолди:

      – Ифлос лўли! Фоҳишаларнинг боласини боқиб, ўшалар берган ҳаром пулга бола боқасан! Лўли эканингни тан олмайсан! Ҳе, турқингни ел олсин!

      Яхшиям онаси бу гапларни эшитмади. У ўзининг ташвишлари билан банд эди. Эшитганида, қўшни хотиннинг сочини юлиб, ерга босиб, абжағани чиқарган бўларди.

      Деразадан аёлга тикилиб турган Серпил эса қотиб қолганди.

      Орадан бир неча кун ўтиб, онасини ҳақорат қилган аёлнинг уйига борди. Тортинибгина стулга ўрнашаркан, атрофга истаксиз кўз ташлади. Сўрамоқчи бўлган саволини қандай беришни билмасди.

      Бир муддат ичидаги қўрқувни боса олмади. Кейин бор жасоратини тўплаб сўради.

      – Хола, сиздан бир нарса сўрасам, жавоб берасизми?

      – Сўра, жавоб берадиган гап бўлса, нима учун жавоб бермас эканман?

      Серпил маъюс кўзларини хотинга қадади:

      – Хола, менинг онам лўлими?

      Аёл бу саволни кутмаганди.

      – Йўқ, жоним, онанг яхши инсон, нега лўли бўларкан?

      – Лекин сиз кеча шунақа дедингиз-ку? «Лўли эканингни яширасан», дедингиз. Менга ростини айтинг.

Скачать книгу