Сенга ишонаман. Ворис Йўлчиев
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Сенга ишонаман - Ворис Йўлчиев страница 4
Шу пайт телефон қилиши кераклиги эсига тушди. Дарҳол телефон хотирасидан керакли рақамни топиб терди. Жин урсин. Пули тугабди. Дарҳол қўшни бинога – гўзаллик салонига ўтди. Икки аёл ўз мижозларига хизмат кўрсатиш билан банд эди.
– О, буюк рассомимизга яна телефон керак бўлдими? – гап қотди ёши каттароқ пардозчи хотин.
– Лиза хоним, жуда зарур гапим бор эди. Икки дақиқагина.
Лиза унга «киравер» дегандек ичкари хонани кўрсатди. Қундуз эса стулга омонат ўрнашиб, ҳар куни икки-уч мартадан терган рақамига сим қоқди.
– Алло, синглим, узр, Раёсат домлани мумкинми?
– Раёсат домла йиғилишдалар, – деди котиба қиз ингичка овозда. – Ким сўраяпти?
– Олдин ҳам сизга қўнғироқ қилгандим, – деди Қундуз шоша-пиша. – Раёсат домла Низомий Ганжавий асарларига бағишланган таблоларимни дунё кимошди савдоларига чиқаришда ҳомийлик қилмоқчи эдилар. Ўша пулнинг бир қисмини берсалар ҳам зарур ашёларни сотиб олардим, ҳам кимошди билан боғлиқ харажатларга сарфлардим.
– Бўпти, айтиб қўяман.
– Синглим, бу фақат мен учун эмас, Ватанимиз учун ҳам жуда муҳим. Биз қанчалик бой маданиятга эга эканимизни бутун дунёга кўрсатишимиз керак. Низомий Ганжавийни…
– Бўпти, мен домлага етказаман, – қиз шундай дея дастакни илиб қўйди. Қундуз тарвузи қўлтиғидан тушиб ташқарига чиқаётганида, Лиза уни тўхтатди.
– Ўртоқ рассом, ишингиз ҳал бўлдими? – жавобни кутмаёқ мақсадга кўчди. – Эртага бир эмас, учта тўй бор. Келинларни безатишим керак. Бошқа мижозлар безовта қилмаслиги учун эшикни ичкаридан қулфлаб қўяман. Агар телефон керак бўп қолса, овора бўлиб келмасангиз, яхши бўларди.
«Эртага «Мона Лиза»да Ҳамиднинг ҳам тўйи бўлади» хаёлидан ўтказди Қундуз. Кейин хонасига етиб олиб, эски диванга ўтирди. Ўйга толиб, сигарет буруқситди.
Қизиқ, Раёсат домла пулни қачон бераркин? Беш минг ваъда қилганди. Бу пулнинг бир қисмига мойбўёқ, сувбўёқ, гуаш, пастел, бироз мато олиши мумкин. Англияда танишлар бор. Аукцион уйида рўйхатдан ўтиш, ижара пули, транспорт харажатлари учун уч минг долларга яқин пул кетади. Йўлкирага, ейишичиш, меҳмонхона харажатларига бир ярим минг керак.
У Низомийнинг буюклигини тўла акс эттиролса ва томошабин эътиборини жалб этолса, албатта, муваффақият қозонади. Бутун дунё бу асарлардан гапиради. Кейин яхшигина пул ҳам ишлаб олиши ҳам мумкин.
Аслида муҳими пул эмас. Энг асосийси, миллатнинг маънавий тараққиётига хизмат қилиш. Қолаверса, глобаллашув, оммавий маданият, ахлоқсизлик кенг қулоч ёя бошлаган бир пайтда буюк Низомийнинг ахлоқий асарларига эҳтиёж катта. Эҳтимол дунёни маънавий таназзулдан асраб қолишда бу ҳаракатлар ўз самарасини берар.
Эҳ! Бир оз пул топа олганида эди… Болаларини