Мангу латофат: бадиалар. Иброҳим Ғафуров
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Мангу латофат: бадиалар - Иброҳим Ғафуров страница 17
Мен юрагим орқамга тортиб ўйлайманки, биз ҳамон маданий миллатга айланиш, азму қарорда маҳкам туришда Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар Қори ва Чўлпондан сабоқ олмаймиз. Ҳолбуки, маърифат дарсларини улардан ҳижжа-ҳижжалаб ўрганмоқ миллатга айланиш йўлида бизга энг катта фарз, ҳам қарз эди. Уларнинг васиятларига риоя этмаслик, ўз тақдирига бепарволик қоронғиликдан бошқа қаерга олиб бориши мумкин?
Ўлганлар ортидан қайғуриш, тубсиз армон, унинг кетидан келадиган умидсизликдан эмас:
– Биз Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар Қори, Қодирий, Салимхон Тиллахонов, Чўлпон, Авлоний ва бошқа чин озодлик курашчилари тимсолида кимларни йўқотганлигимизни биламизми, ўзимизга дам-бадам ҳисоб берамизми?
Бул азиз инсонларимиз ўша пайтлар жуда кўп нарсалардан умидсизликка тушишга, кенг авом аҳволи даражасида тирикчилик ўтказишга ҳақли эдилар. Лекин улар Чор Россияси қудрати олдида ва қарамликнинг тенгсиз азоб-уқубатлари қошида ҳам умидсизликка тушмас эдилар. Ожизлик фалсафаси улар учун ёт эди. Одамни чуқур ўйлатадиган бир лавҳа. Беҳбудийнинг «Исмоилбек ҳазратлари билан суҳбат»и. Исмоилбек Маҳмудхўжа билан уни қаттиқ севиб суҳбат қиларкан ва унга ўз васиятларини айтаркан, орада шу сўзлар бехос оғзидан чиқади:
– «Оҳ билмийм, шу Бухоро на ўлур…»
Мен дерман: «Афандим, Бухорони ҳукуматимиз, яъни Русия тарбият этмагунча Бухородан бир шайи умид этиб бўлмас».
Чунончи… устод дерлар:
– «Эвет, охири шуйла ўлмоғи лозим келур…»
Халоскор ўз ичингдан чиқмагунча зулмдан халос бўлмайсан. Лекин бунинг учун миллатнинг ўзи туганмас куч-қудрат манбаига айланмоғи даркор. Бу буюк инсонлар суҳбати ўтаётган ўн тўртинчи йилда ичимизда беш-ўн Беҳбудийлардан ўзга халоскор куч етилмаган эди. Шунинг учун улар аҳволни ўнглашда кучли мамлакатларга ва чунончи Чор Россиясига умид боғлардилар. Аммо касал ичдан тузалмагунча тузалмас.
Аммо бу фикрга одамлар узоқ-узоқ йиллар ўтибгина келадилар.
Ва бунга танқидга лаёқат касб этгандагина эришиш мумкин.
ФИТРАТ ВА МИЛЛАТ ТАНҚИДИ
Тун яримдан анча оғди. Мезон ойининг осмони булутсиз, тиниқ. Оёқ томонимда жанубга оғиб чиққан ой мовий юлдуз парпар ёнади. Уйқум учган, у билан анчагача суҳбатлашаман. У кечмишнинг кўп воқеаларига гувоҳ. Лекин сир сақлайди. Менинг уйқусиз сўроқларимга жавоб бермайди. У нима деб жавоб берган бўларди деб ўйлайман. Масалан, миллат болаларининг миллат аҳволига кўзлари очилиши қандай рўй беради? Қачон рўй беради? Фитрат ва Фитратга ўхшаганларнинг миллат ҳолидан бу қадар озурдадил бўлишларига сабаб нима? Юлдузнинг пирпираган ингичка ҳаворанг нур толалари кўзимга ўткир қадалади. Юлдузлар мен қанчалар ёлвормай сўйламайдилар. Бир жойда бир зум ҳам тўхтамайдилар. Менинг мовий юлдузим бўғотга илинди, бир он кўз ёшидек ярқираб