Ой ва сариқ чақа. Уильям Сомерсет Моэм

Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Ой ва сариқ чақа - Уильям Сомерсет Моэм страница 11

Ой ва сариқ чақа - Уильям Сомерсет Моэм

Скачать книгу

қилган нарсани мен билан ҳам гаплашиш учун бирга чиққанини тушундим.

      – Биласизми, биз ҳатто ўша аёлнинг кимлигини ҳам билмаймиз, – деди полковник. – Ярамас фақат Парижга жўнаб кетганини биламиз, холос.

      – Менинг назаримда, улар энг ибратли эр-хотинларга ўхшаб туйилишарди.

      – Худди шундай эди. Сиз келмасингиздан олдин Эмми биргаликдаги ҳаётлари мобайнида бирор маротаба ҳам жанжаллашмаганликларини гапириб турган эди. Сиз Эммини биласиз. Ёруғ оламда ундан яхшироқ аёл йўқ.

      Бундай гаплардан кейин мен унга бир неча савол билан мурожаат этишни лозим топдим.

      – Сиз хоним ҳозиргача бирор нарсадан шубҳаланмаган, деб ҳисоблайсизми?

      – Бўлмаса-чи! Ҳеч нарсадан шубҳаланмаган. Стрикленд август ойини Норфолкда хотини ва болалари билан ўтказган. Аввал қандай бўлса, худди шундай дам олишган. Биз хотиним билан бирга улар дам олаётган жойга бир неча кунга бордик, мен у билан гольф ўйнадим. Сентябрь ойида унинг шериги таътилга кетиши лозим бўлганлиги туфайли Лондонга қайтиб келди. Эмми эса денгиз бўйида қолди. Улар бир уйни бир ярим ойга ижарага олишган экан. Муҳлат тугашидан олдин хоним қайси куни Лондонга етиб келишларини хат орқали эрига билдирибди. Эри эса Париждан унга хат йўллаб, энди у билан турмаслигини маълум қилибди.

      – Бу қарорини нима билан изоҳлабди? – ажабланиб сўрадим.

      – Азизим, у ҳеч нарсани изоҳлаб ўтирмабди. Мен хатни ўқидим. Хат бор-йўғи ўн қаторга яқин, бундан ортиқ эмасди.

      – Ҳеч нарсага тушунмаяпман…

      Шу дақиқада кўчани кесиб ўтгандик, катта кўчадаги шовқин-сурон гапимизни давом эттиришга имкон бермади. Полковник менга айтиб берган нарсалар ҳақиқатдан йироқдай туйилаётганди. Охири Стрикленд хоним ундан ниманидир яшираётган бўлса керак, деган қарорга келдим. Ўз-ўзидан аёнки, ўн етти йил аҳил яшаган эр-хотин бир-бирини бирор сабабсиз ташлаб кетмайди. Ёхуд улар айтилаётганидай аҳил яшашмагандир. Полковник менинг мулоҳазаларимни бўлиб юборди:

      – Бирор сатанг билан қочиб қолган эркак қандай сабаб ҳам кўрсатарди. Эҳтимол, хотинимнинг ўзи бунинг фаҳмига етар, деб ўйлагандир. Мана шунақа ярамас одам у.

      – Стрикленд хоним энди нима қилмоқчи? – савол билан юзландим полковникка.

      – Аввало, бу иш ҳужжат билан тасдиқлансин-чи. Ўзим Парижга бориб келмоқчиман.

      – Идораси нима бўлди?

      – Идорасида ҳам жуда айёрона йўл тутган. Йил мобайнида кетишга тайёрланган.

      – У жўнаб кетиши тўғрисида шеригини огоҳлантирибдими?

      – Буни хаёлига ҳам келтирмабди.

      Полковник Мак-Эндрю савдо масалаларида кўп нарсаларга ақли етмасди, мен эса бу ишлардан тамомила бехабар эдим. Шунинг учун ҳам Стрикленд ўз ишларини қай аҳволда ташлаб кетганини тушунмадим. Мак-Эндрюнинг гапига қараганда, ташлаб кетилган шериги ғоят ғазабда экан, Стриклендни судга беришини баён этибди.

      – Кўринишидан бу машмаша унга беш юз франкларга тушса керак, – истеҳзо билан қўшиб қўйдим.

      – Худога шукрки, уй жиҳозлари тағинам Эмми қарамоғида. Унга шуларгина қолади.

Скачать книгу