Ой ва сариқ чақа. Уильям Сомерсет Моэм
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Ой ва сариқ чақа - Уильям Сомерсет Моэм страница 14
Менга топширилган вазифа тўғрисида Парижга кетаётганимда ўйлаб борарканман, уни натижасиз тугатишдан хавотирланардим. Эндиликда йиғлаб турган Стрикленд хонимнинг қиёфаси кўзимдан нари кетганда фикрларимни бир жойга жамлашим мумкин эди. Стрикленд хонимнинг ўзини тутишдаги аниқ кўриниб турган қарама-қаршиликлар мени ҳайрон қолдирарди. У жуда бахтсиз эди, лекин раҳмимни келтириш учун барча чоралар билан ўзини янада бахтсизроқ кўрсатишга уринарди. Масалан, йиғлашга олдиндан тайёргарлик кўрганини фаҳмлаш қийин эмасди. Зеро, у қўлига анчагина дастрўмол ушлаб олганди.
Мен унинг тадбиркор эканлигига қойил қолардим. Лекин айни ана шу тадбиркорлиги туфайли унинг кўзёшлари унчалик таъсир қилмасди. Эрини яхши кўргани учун уйига қайтармоқчими ёки ҳар хил ёмон сўзлардан қўрққани учун – мен шу нарсани билолмай ҳайрон эдим. Унинг юрагида топталган муҳаббат изтироблари билан таҳқирланган худбинлик азоблари омихта бўлиб кетганини гумон қилардим, ёшлигим туфайли бу ҳол инсонларга ярашмайди, деб ҳисоблардим. Мен ўша пайтларда инсон зотининг қиёфаси ғоятда қарама-қарши бўлишини, энг олижаноб одамлар ҳам тубанлашиб кетишини, энг пасткаш кимсалар эса маълум шароитларда олижаноблик касб этишларини билмасдим. Лекин сафаримнинг кишини қизиқтирадиган томонлари ҳам бор эди. Шунинг учун Парижга яқинлашганим сари ўзимни тетик сеза бошладим. Тўсатдан ўзимга четдан назар ташлаб, дайдиб кетган эрнинг барча гуноҳларини кечиришга тайёр турган аёлнинг бағрига қайтаришга қаратилган ишончли вакиллик ролим ўзимга ёқа бошлади. Стрикленд билан эртага кечқурунгача кўришмасликка қарор қилдим. Зеро, учрашадиган вақтни назокат билан танлаш лозим эди. Масалан, нонуштагача инсон туйғуларига таъсир этиш, инсофга келтириш хомхаёл эди. Менинг шахсий хаёлларим ўша пайтларда доимо муҳаббат масалалари билан банд бўларди. Оилавий ҳузур-ҳаловат ҳақида чой вақтигача гаплашишни тасаввур ҳам эта олмасдим. Меҳмонхонага жойлашиб олганимдан кейин Чарлз Стрикленд яшаётган «Отель де белж»ни суриштиришга тушдим. Дарбон бундай меҳмонхона тўғрисида мутлақо эшитмаганини билганимдан кейин ҳайронлигим ошди. Стрикленд хонимнинг сўзларига қараганда эса бу Риволи кўчаси яқинидаги катта ва дабдабали меҳмонхона эди. Маълумотномалар китобидан қидирганимизда эса шундай номланадиган ягона муассаса Муан кўчасида экан. Бу мавзе шаҳарнинг энг серҳашам эмас, аксинча, кўримсизроқ масканларидан эди. Мен бошимни сарак-сарак қилдим:
– Йўқ, биз қидираётган жойга ўхшамаяпти.
Дарбон елкасини қисиб қўйди. Парижда шу номли бошқа меҳмонхона йўқ. Калламга Стрикленд ҳақиқий манзилини атайин яширгандай, хаёлига келган меҳмонхона номини айтиб, шеригини алдагандай туйилди. Негалигини билмадим-у, лекин тўсатдан менга бу Стрикленднинг руҳига тўғри келадиган ҳолатдай, ғазаб отига минган даллол шеригини ҳаллослаганча Парижга келиб, хилватдаги қандайдир меҳмонхонани қидиртириш учун атайин қилаётгандай туйилди. Шунга қарамай, жойни текшириш учун отландим. Эртасига соат, чамаси,